"Ғалати ишлар жуда кўпда: коррупцияга қарши курашамиз, деймиз-у..." – Расул Кушербаев

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Андижондаги масъулларнинг ноқонуний  ер сотиш билан боғлиқ ишлари бўйича қонуний чора кўрилиши ўрнига ушбу муаммоларни ёритиб бораётган мухбир билан келишишга уринишлар бўлаётганлиги ҳақида Телеграм каналида ёзди.

Андижондаги масъулларнинг ноқонуний  ер сотиш билан боғлиқ ишлари бўйича қонуний чора кўрилиши ўрнига ушбу муаммоларни ёритиб бораётган мухбир билан келишишга уринишлар бўлаётган экан.

Ғалати ишлар жуда кўпда: коррупцияга қарши курашамиз, деймиз-у, коррупцияга йўл қўяётган амалдорларни кўрсак бу гаплар шунчаки қоғоз учун айтилганидек иш тутиб, ҳаммасига кўз юмамиз. Коррупцияга қарши ҳақиқатда курашмоқчи бўлганлар билан эса зимдан келишмоқчи бўламиз.

Оқибатда коррупцияга қарши кураш фақат қоғоздаги ёзувлардан иборат, номига “результат” учун бўлаётган ишлар қаторида қолмоқда.

Мақсадлар қоғоздан амалга кўчмаётгани учун ҳам коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро рейтингда энг коррупциялашган мамлакатлар қаторида виқор билан турибмиз.

Ҳар тугул Андижондаги маҳаллий кенгаш депутатларидан уйғоқлари журъат қилиб, вазият бўйича Бош прокурорга мурожаат қилибди.

Умид қиламизки, Бош прокуратура депутатнинг мурожаатини эътиборсиз қолдирмай, Андижондаги  масъулларнинг ер сотиш масаласига виждонан ёндошиб, қонунларга мувофиқ  ҳуқуқий бахо беради”, – деб ёзди Расул Кушербаев.