Геопортал билан интеграцияланган Ўзбекистон

Геопортал билан интеграцияланган Ўзбекистон

Инсониятнинг энг яхши ақллари сайёрамизнинг турфа нуқталарида тарқалган биохилма-хиллик тўғрисида маълумотлар тўплашга мудом уриниб келганлар. Чунончи Ўзбекистонда ҳам, кўп йиллар давомида Ўзбекистонни ватан тутган жониворлар ва ўсимликлар тўғрисидаги ахборотлар акс этган китобларнинг бутун бошли кутубхоналари тўпланиб қолган.

Бугунги кунда табиий жараёнлардаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар билан ишлашни енгиллатиш учун аксар ҳолда IT-технологиялардан фойдалана бошладилар. Ўзбекистонда экологлар ва табиатни муҳофаза қилиш хизматларига бунда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД), Глобал экологик фонд ва Давэкоқўмнинг “Глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик учун муҳим асосий тоғ минтақаларида табиат ресурслари ва ўрмон хўжалигидан барқарор фойдаланиш” қўшма лойиҳаси кўмак бермоқда.  

Давэкоқўм вакиллари билан яқин ҳамкорликда Биохилма-хилликни асраш тўғрисидаги ахборотни бошқариш тизими (БААБТ) ишлаб чиқилди. БААБТ онлайн-ресурс бўлиб, Давэкоқўмнинг алоҳида серверидан жой олган ва унда флора ва фауна тўғрисидаги (жумладан миллий, глобал-таҳдидли, шунингдек ҳайвонот ва набототнинг хўжалик аҳамиятига молик турлари тўғрисидаги маълумотлар) маълумотлар сақланиши, уйғунлашиши ва янгиланиб туриши мумкин. Шунингдек, тизим биохилма-хилликка нисбатан мавжуд таҳдидлар тўғрисида ахборот олиш ва уларнинг олдини олиш ҳамда бартараф қилиш бўйича ўз вақтида чоралар кўриш имконини беради. БААБТнинг асосини геомаълумотлар, яъни аниқ геолокацияли хариталар, шунингдек биологик турлар ҳолати тўғрисидаги турфа сифат ва миқдор маълумотлар ҳамда улар билан боғлиқ ҳужжатлар (масалан, турлар тарқалиши сони ва ареали ва бошқаларга оид маълумотлар) ташкил этади. Шу тариқа, БААБТ ўзига хос “омбор” бўлиб, унда Ўзбекистон биохилма-хиллиги илмий коллекциялари тўғрисидаги ахборот сақланади.

БААБТ (http://bcims.uznature.uz/) хизмат фойдаланувидаги плафторма саналади. Очиқ фойдаланиш учун вебсайт ишлаб чиқилган (http://bcims.uznature.uz/wordpress/). Ўзбекистон Биохилма-хиллик бўйича ахборот маркази (ЎБАМ) табиатдан фойдаланиш, бошқариш, миллий флора ва фаунага оид миллий ва халқаро қонунчилик, давлат ҳимоясидаги қўриқланадиган табиат ҳудудлари тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади. Кенгроқ аудиторияни қамраб олиш учун сайтда блог-форум очилади, у ерда барча фойдаланувчилар ўз фотосуратларини юклашлари, шарҳлар улашишлари, саволлар бериб, экспертлардан жавоб олишлари мумкин бўлади.

БААБТ дастурчилар қайд этишларича, уларнинг ишлари Давэкоқўм ва қўриқланадиган табиат ҳудудлари ичида ва ташқарисида табиий ресурсларни бошқаришга жалб этилган барча миллий ҳамкорлар учун салмоқли кўмак беради. Кутилишича, БААБТ ва ЎБАМ батафсил манзарани реал вақтда тақдим этиб, ноёб воситага айланади ва биохилма-хилликни асрашдаги самарали восита бўлиб қолади. Қарор қабул қилувчи шахсларнинг ўзлари маълумотлар базасини кўриб чиқишлари ва тегишли қарор қабул қилиш учун хулоса чиқаришлари мумкин. БААБТ платформасининг ноёблиги яна шундаки, у шейп-файлларни ишлатади, хаританинг тагида атрибутив маълумотларни ҳам кўриш мумкин.

Ҳозирда, идоралараро ишларни яхшироқ мувофиқлаштириш учун, Тизим Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан интеграцияланди (http://geoportal.uz/ru). Натижада, фойдаланувчиларда қудратли ҳисоблаш ресурсларидан фойдаланиш имкони юзага келди, улкан архивлар ва маълумотлар базасига йўл очди, бу катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва тезкор олишни таъминлайди.