Германия клиникаси Алексей Навальний заҳарлангани билдирди

Германия клиникаси Алексей Навальний заҳарлангани билдирди

Reuters

Германия, Charite: Алексей Навальний заҳарланган - Путиннинг Россиядаги ашаддий танқидчиси ётган касалхона ҳозиргина худди ана шундай баёнот билан чиқди. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар бермоқда.

Касалхонанинг билдиришича, ўзлари олиб борган текширув натижалари унинг заҳарланганига далолат қилмоқда.

Мухолифат фаолининг матбуот котиби ва яқинлари аввалбошдан унинг заҳарланганини даъво қилиб келишган.

Аммо у дастлаб келтирилган Омск вилояти касалхонаси шифокорлари бундай эҳтимолни рад этиб чиқишганди.

Алексей Навальний: Путиннинг Россиядаги ашаддий танқидчиси

У Путин партиясини "фирибгар ва ўғрилар" уяси, деб атайди. Президентнинг тузумини "Россия қонини сўриб ётганлик"да айблайди. Қурилаётган "феодал давлат"ни яксон қилишга ваъда бериб келади.

Ҳозир Навальний ётган Германиядаги касалхона эса, полициянинг узлуксиз назорати остида.

Коррупцияга қарши кампаниялари билан танилган Алексей Навальний Президент Владимир Путин мухолифларининг энг ёрқин вакилига айланган.

У ҳукуматга қарши намойишларга етакчилик қилган.

Аммо у ўзининг энг катта орзуси - Путинга сайловда рақиблик қилишга эриша олгани йўқ ҳали.

Россия судининг уни ўғирликда айблаб чиқарган ҳукми асосида ҳукумат Навальнийга 2018 йилги президентлик сайловида ўз номзодини қўйишни тақиқлади.

Навальний ўзига нисбатан айбловларни қатъий рад қилиб, бу ўткир танқидлари учун Кремлнинг чораси, деб айтган.

Кўпчилик унинг ҳамон озодликда юрганидан ҳайратланади.

Шундай бўлса-да, 2020 йил 20 август куни у заҳарланиш гумони билан касалхонага ётқазилди.

Бу мухолифат лидерининг шубҳали тарзда иккинчи заҳарланиш ҳолатидир.

Ўтган йили унга қамоқда эканида "контакт дерматит" ташхиси қўйилган эди. Шифокор унинг "қандайдир заҳарли модда" билан контакт қилганини айтган эди.

Унинг ҳамкори Кира Ярмишнинг айтишича, коррупцияга қарши кампаниячи парвоз вақтида ўзини ёмон ҳис қилган ва учоқ Омскка фавқулодда қўнишга мажбур бўлган. 20 август куни Навальнийнинг чойига нимадир қўшиб берилганини гумон қилганликларини айтади Ярмиш.

Таниқли блогер

Навальний бир томондан Кремл учун бир тикан бўлса, бошқа томондан, мухолифат орасида ҳам унинг ўзини танқид қиладиганлар бор. Унинг миллатчилиги учун ҳам тиғига тутадиганлар оз эмас.

2014 йили "Эхо Москвы" билан интервьюда Президент Путиннинг Украинанинг Қрим ярим оролини аннекция қилишига муносабати сўралганда, Навальний гарчи Қрим халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузган ҳолда "тортиб олинган" бўлса-да, "ҳозир у Россиянинг бир қисми", "Қрим бизники" деб жавоб берган эди.

У Россия сиёсатида 2008 йилда - Россиядаги давлат назорат қилувчи корпорациялардаги коррупцияни танқид қилиб, блог юритишни бошлаганида пайдо бўлди.

У қўллайдиган тактикалардан бири катта нефт компаниялари, банкларнинг акциясини сотиб олиб, кичик акциядор сифатида уларнинг молиявий ҳолатидаги тешиклар ҳақида суриштириш эди.

Ўз фикрини асосан ёшлардан иборат тарафдорларига етказиш учун ижтимоий медиада ўткир, тиканли сўзлардан фойдаланиши, Путинга садоқатлиларни масхаралаши унинг сиёсий услуби рамзига айланди.

"Фирибгарлар ва ўғрилар"

Коррупцияга қарши кампания Навальнийни корпорацияларни танқид қилишдан ҳукмрон партия бўлмиш "Ягона Россия" партиясига мухолифлик қилишгача олиб келди.

2011 йилги парламент сайловлари арафасида - Навальний унда номзод сифатида қатнашмаган эди - у ўз ўқувчиларини сайловда "Ягона Россия" партиясига қарши ҳар қандай бошқа партияга овоз беришга чақирди, бу партияни эса "фирибгарлар ва ўғрилар партияси", деб атади.

"Ягона Россия" партияси сайловда ютиб чиқди. Аммо аввалгидек кўпчилик овоз билан эмас. Унинг ғалабасидан сўнг овозларни сохталаштириш билан боғлиқ иддаолар урчиб, Москва ва баъзи йирик шаҳарларда намойишлар бошланишига сабаб бўлди.

Навальний 2011 йил, 5 декабрь куни биринчи намойишдан сўнг қўлга олиниб, 15 сутка қамалиб чиққан. Аммо сайловдан кейин, 24 декабрь куни Москвада ўтган 120 000 кишилик йирик митингда нутқ сўзлаган.

Путин кейинчалик осонлик билан қайта сайланди, Россиянинг қудратли Тергов қўмитаси эса, Навальнийнинг ўтмиши, ҳатто унинг ҳуқуқшунос сифатидаги квалификациясини ҳам текширишни бошлади.

2013 йили Киров шаҳрида у ўғирликда айбланиб, қисқа муддатга қамалганида берилган 5 йиллик муддатни кўпчилик сиёсий сабабларга боғлаб изоҳлади.

Кутилмаганда Навальнийни Москва мэри сайловида номзодини қўйиб қатнашиши учун қамоқдан чиқаришди. Сайловда у 27 фоиз овоз билан Путиннинг иттифоқчиси Сергей Собяниндан кейинги иккинчи ўринни олди.

Давлат телаканалларига чиқиши чекланган, интернетга ва оғзаки тарғиботгагина суянган одамнинг бунча овоз олиши сезиларли муваффақият эди.

Биринчи суд жараёнида уни етарлича эшитишмаган, деб топган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қароридан кейин Россия Олий суди ниҳоят унга чиқарилган ҳукмни бекор қилди.

Сўнг 2017 йилда у иккинчи марта яна айбдор, деб топилди, аввал кучдан қолдирилган беш йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси қайта тайинланди. Навальний бу ҳукмни абсурд деб атади ва буларнинг бари уни 2018 йилги сайловда қатнашмаслиги учун қилинаётганини таъкидлади.

Курашни давом эттириш, Россияда...

Гарчи Навальний қамалган собиқ олигарх Михаил Ходорковский каби жамоат эътиборида бўлмаган эса-да, бу икки шахс ўртасида муайян ўхшашликлар бор.

Ходорковский ўн йил Россия ҳибсхонасида умрини ўтказгач, 2010 йили суд уни иккинчи муддатга яна ҳукм қилди ва янги ҳукм 30 декабрь куни - аксар россияликлар Янги йил байрами билан андармонлигида эълон қилинди.

Ҳозир Швейцарияда яшаётган Ходорковскийдан фарқли ўлароқ, Навальний курашни Россияда давом қилишга ваъда берди.

У 2017 йили Путинга қарши рухсат берилмаган намойишларни ташкиллаштиришда айбланиб, уч марта қамоққа олинди, 2018 йили бошида ҳам уни бир муддат ушлаб туришди.

Би-би-сига гапирар экан, у Ғарб Россияда адолат бўлиши учун қила оладиган ягона иш - "ифлос пуллар" айланишига чек қўйишдир, деди.

"Коррупцияга аралашган, фаолларни таъқиб қилаётганларнинг бу давлатларга киришига тўсиқ қўйилиши, уларга виза берилмаслиги керак, шуни истайман."

Навальний 2013 йилда қамалганида, судьяга ўз ҳаммаслаклари билан "Россияда барпо бўлаётган феодал тузумни яксон қилиш, ярим фоиз аҳоли 83 фоиз миллий бойликка эгалик қиладиган тизимни йўқ қилиш учун курашни" давом эттиражагини айтган эди.

Бошқа танқидлар қаршисида

Навальний либералларда хавотир уйғотиб, ўта миллатчиларнинг тадбирларида нутқ сўзлаган.

Рус миллатчилари ҳам унинг 2010 йили Йел университетида ўқигани, АҚШ билан эҳтимолий алоқаларидан хавотир туяди.

Шунга қарамай, мухолифат 2012 йили Путиннинг ветеран танқидчиларидан, шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаровни эмас, Алексей Навальнийни ўзига лидер қилиб сайлади. Ваҳоланки, сайловчилар унчалик кўп эмас, атиги 81 801 нафар эди.

Россиянинг Украинадан Қримни тортиб олиши ва унинг шарқий Украинадаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлаши Путин мухолифлари учун бош оғриғи мавзу бўлди.

Ижтимоий сўров натижаларига кўра, россияликлар орасида Қримнинг босиб олинишига хайрихоҳлар мутлақ кўпчиликнинг ташкил қилади.

Кремл эса Украинадаги зиддиятлар оловига ёғ сепмаятганини таъкидлайди.

Навальний Путиннинг иттифоқчиларига қарши санкциялар қўлланишини маъқуллайди.

Унинг учун бир савол мудом кўндаланг туради - Москва ва бошқа йирик шаҳарлардан ташқарида у аҳоли дастагини ола биладими?

Алексей Навальний ҳақида мухтасар

1976 йил 4 июнда Москва вилоятидаги Бутин шаҳарчасида туғилган.
1998 йили Москвадаги Халқлар дўстлиги университетини тамомлаган.
2010 йили "Yale World Fellow" дастури бўйича Йел университатида ярим йиллик ўқув курсини тамомлаган.
Москвада хотини ва икки боласи билан яшайди.