Германия қатъий карантинга қайтмоқда. Мактаблар ва савдо марказлари ёпилади

Германия қатъий карантинга қайтмоқда. Мактаблар ва савдо марказлари ёпилади

Германия ҳукумати коронавирус туфайли чеклов чораларини кучайтиришга қарор қилди. Мамлакат канцлери Ангела Меркель 16 декабрдан 10 январгача бўлган муддатда озиқ-овқат маҳсулотлари дўконлари ва дорихоналардан бошқа барча дўконлар ёпиқ бўлишини маълум қилган.

Шунингдек, бу даврда мактаблар, сартарошхоналар ёпилади, компанияларга ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиш ёки ходимлар масофадан ишлаши тартибига ўтиш тавсия қилинмоқда. Бундан ташқари, чеклов чоралари доирасида Янги йил байрами арафасида фейерверклар сотилиши тақиқланади.

Шу тариқа, пандемияни жиловлаш учун 2 ноябрь куни қабул қилинган чеклов чоралари кучайтирилмоқда.

  • Германияда ноябрь ойида COVID-19 билан касалланиш даражаси ўсиши ортидан федерал миқёсда ресторанлар ва барлар фаолияти чекланган, аммо дўконлар ва мактаблар ишлашда давом этганди. Айрим ерларда маҳаллий расмийлар янада қатъийроқ карантин жорий қилишганди.
  • Аввалига карантин ноябрь ойи охиригача давом этиши мўлжалланганди, аммо ҳукумат бу чораларни 20 декабргача узайтирган ва муддат яна узайтирилиб, карантин чекловлари кейинги йил январигача сақлаб қолиниши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
  • 13 декабрь ҳолатига кўра, Германияда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 1 336 101 ҳолат қайд этилган, сўнгги бир кунда беморлар сони 21 792тага ошган. Пандемия даврида 21,9 минг германиялик коронавирус қурбони бўлган, сўнгги бир кун ичида 333 ўлим қайд этилган.