Германияда декабр охирида коронавирусга қарши эмлаш бошланади

Германияда декабр охирида коронавирусга қарши эмлаш бошланади

Германияда 27 декабрдан аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бошланади. Бу ҳақда N-TV телеканали хабар берди.    

Аввалроқ Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан федерал ерларга BioNTech компанияси вакцинаси маъқулланиши кутилаётгани ва шундан кейин у жойларга етказила бошланишини маълум қилган.

Шпан эмлашни қариялар уйидан бошлаш мақсадга мувофиқлигини айтган. 

Европанинг дори воситалари бўйича агентлиги BioNTech ва Pfizer компаниялари вакцинасини қўллашга 21 декабрда рухсат бериши кутилмоқда. Бу режалаштирилгандан 8 кун аввал юз беради.

Аввалроқ Германия канцлери Ангела Меркел аҳолини эмлаш муваффақиятли ўтса, Германия 2021 йил кузигача нормал ҳаётга қайта олишини айтган.

16 декабрдан Германияда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли қатъий чекловлар киритилди. Локдаун 10 январгача давом этади. Бу вақт ичида озиқ-овқат дўконларидан бошқа дўконлар ёпилади, мактабларда масофадан ўқишга ўтилади, болалар боғчалари ишламайди.

Рождество нишонланиши кунлари – 24-26 декабрда 5 кишидан кўпроқ бўлмаган ҳолда учрашишга рухсат берилади.