Грецияда 85 ёшли эркак COVID-19’га қарши эмланганидан кейин 8 дақиқа ўтиб вафот этди

Грецияда 85 ёшли эркак COVID-19’га қарши эмланганидан кейин 8 дақиқа ўтиб вафот этди

Грециянинг Крит оролида жойлашган Ираклион университети касалхонасида 85 ёшли қария коронавирус инфекциясига қарши эмланганидан саккиз дақиқа ўтгач вафот этди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Хабарда айтилишича, шифокорлар унинг ўлимини вакцина ёки аллергик анафилактик шокка боғлиқ деб ҳисобламаяпти. Дастлабки хулосаларга кўра, ҳодиса эмлаш билан бир вақтда содир бўлган тўсатдан ўлим деб баҳоланмоқда.

Таъкидланишича, эмлашдан саккиз дақиқа ўтгач, эркак ҳушидан кетган. Унга юрак-ўпка реанимацияси (массажи) билан биринчи ёрдам берилганидан сўнг беш дақиқа давомида ўзига келган, аммо яна ҳушидан кетган.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, бемор касалхонага ётқизилган пайт, унинг касаллик тарихи ўрганилган ва эмлашга қарши бирорта кўрсатма топилмаган. Ҳодисанинг аниқ сабабини аниқлаш учун мутахассислар томонидан шошилинч суд-тиббий экспертизаси ўтказилади.

Маълумот учун, Греция Миллий вакцинация қўмитаси раҳбари Мария Теодориду ҳозирда мамлакат аҳолисини эмлаш учун Pfizer ва BioNTech вакцинасидан фойдаланилаётганини маълум қилган.