Гулнора Каримованинг адвокатлари Ўзбекистонни айблаб, БМТга шикоят қилди

Гулнора Каримованинг адвокатлари Ўзбекистонни айблаб, БМТга шикоят қилди

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокатлари Франсуа Зимере, Грегуар Манжа ва Фанни Маргайра кеча, 4 июнь куни БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳига расман шикоят қилди. Бу ҳақда адвокатлар ўзларининг Twitter саҳифасида хабар берди — дея хабар бермоқда 'Qalampir.uz' нашри.

Маълум қилинишича, адвокатлар БМТдан Гулнора Каримованинг қамоқда ушлаб турилишини моҳиятан ноқонуний, деб тан олишни сўрамоқда.

“Гулнора Каримова етти йилдан кўпроқ вақт давомида ҳибсда ушлаб турилган ва унинг энг “фундаментал ҳуқуқлари” мунтазам равишда бузилган. У 2014 йил февраль ойида ўғирлаб кетилгандан сўнг, иши биринчи марта судда кўрилишини 18 ойдан кўпроқ вақт кутди. Учта сохта суд жараёнининг барчаси ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. У адвокатлар билан эркин суҳбатлашиш ёки ўзи устидан очилган иш билан танишиш имкониятига эга бўлмади”, дейилади Каримованинг ҳимоячилари мурожаатида.

Адвокатлар ўз хабарида Ўзбекистон расмийларини Гулнора Каримовани “зудлик билан, сўзсиз озод қилишга” чақирган. Ҳуқуқшунослар бу ўринда халқаро мажбуриятларни эслатиб ўтган.

“Биз ҳибсга олинган инсоннинг ошхонада қуролланган одамлар қуршовида суд қилинганига ўз тажрибамизда биринчи марта дуч келдик! Ўзбекистон режими Гулнора Каримовага қарши шафқатсиз ва ваҳший усулларни қўлламоқда. Суд жараёнининг барча тамойилларига зид равишда Гулнора Каримова мутлақ изоляция қилинган. Ўзбекистон расмийларини ўз халқаро мажбуриятларига амал қилган ҳолда Гулнора Каримовани зудлик билан, сўзсиз озод қилишга чақирамиз”, дейилади швейцариялик уч адвокат ёзган мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, Фонд Форум васийлик кенгаши раиси, профессор ва маишатсевар Гулнора Каримованинг “салтанат”и 2013 йилга келиб қулади. 2005 йилдан бошлаб ўзини маданият ва санъат, спорт, илм-фан, ахборот технологиялари ва ёшлар ғоялари раҳнамоси сифатида кўрсатишни бошлаган Googoosha 2013 йилгача мамлакатда мислсиз қудрат соҳиби бўлгани ҳеч кимга сир эмас. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.

2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. 

Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.

Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.