Гулнора Каримованинг Швейцария банкидаги музлатиб қўйилган активлари қайтариб берилади

Гулнора Каримованинг Швейцария банкидаги музлатиб қўйилган активлари қайтариб берилади

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова бенефициари бўлган Takilant Ltd. компанияси ҳозирда жиноий тергов остида бўлган бешта Швейцария банк ҳисоб рақамидан иккитасига боғлиқлиги аниқланди. Компаниядан мусодара қилинган жами маблағ — 350 миллион доллардан кўпроқни ташкил этди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Swissinfo ахборот агентлиги Гулнора Каримованинг адвокати Грегори Манжага таяниб хабар беришича, Швейцариянинг федерал жиноят суди компанияга тегишли 293 миллион доллардан кўпроқ маблағни мусодара қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Таъкидланишича, суд ишида қатнашган бир неча киши, шу жумладан, Гулнора Каримова ва унинг ёрдамчиси «пул ювишда» айбдор деб топилгани учун ушбу маблағларнинг катта қисмини мусодара қилиш керак деган қарорга келган.

Бироқ тахминан 70 миллион доллар миқдоридаги маблағ Takilant компаниясига қайтариб берилади. Бунинг сабаби, тергов жараёнида бир нечта компаниялар билан боғлиқ бўлган ушбу активлар жиноят натижасида олингани аниқланмаган. Бу ҳақда 2021 йилнинг 22 декабрь куни Федерал жиноят суди эълон қилган баёнотда қайд этилган.

Суд қарори Швейцария Федерал прокуратураси томонидан 2012 йилда Гулнора Каримованинг шахсий ёрдамчиси ва Россия телекоммуникация компаниясининг ўзбек филиали менежерига қарши «пул ювиш» айбловлари билан боғлиқ кенг қамровли тергов доирасида яна бир бобни ёпган.