«Ҳаж» ва «Умра» зиёратини ташкил этишда расман монополия ўрнатилиши мумкин

«Ҳаж» ва «Умра» зиёратини ташкил этишда расман монополия ўрнатилиши мумкин

Блогер Хушнуд Худойбердиев телеграм саҳифасида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 364-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилганини хабар бермоқда.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига жойланган мазкур қарор лойиҳасида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда фуқароларнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фақат Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилиши ҳамда Ўзбекистонда бошқа ташкилотларнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги қоида белгиланган.

Айтиш лозимки, қарорнинг амалдаги таҳририда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан бошқа ташкилотларнинг «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этишларига расмий тақиқ белгиланмаган.

Ушбу лойиҳа билан батафсил танишиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталидан амалга оширган қидирувлар натижа бермади. Лойиҳа ушбу платформага жойланмай, «ёпиқ эшиклар ортида» қабул қилиниб кетиши эҳтимоли мавжуд.

Маълумот учун, президент қарорига асосан, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштирилиши лозим.

Жамоатчилик муҳокамасига эълон қилинган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуни лойиҳасининг 15-моддасида (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний соҳадаги ваколатлари) қўмита Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги зиёрат жойларига боришини, шу жумладан, Ҳаж ва Умра ибодатини амалга оширишни ташкил қилади, деган қоида акс этган.

Амалдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунда қўмитага бундай ваколат берилмаган.