Ҳақиқатпарварга 7 тавсия

Ҳақиқатпарварга 7 тавсия

1. Бошингизга бирон иш тушганда «ҳақиқатни айтганим учун тазйиқ қиляптилар», деманг. «Қарашларим, фикрим, эътиқодим, тадқиқотим учун, касбий, ватандошлик бурчимни адо этганим ёки фактларни ёритганим учун» денг. Чунки якуний хақиқатнинг эгаси сиз эмассиз. Ҳақиқатнинг эгаси инсон бўлса, у ҳақиқат эмас.

2. Ўзгаларнинг ҳам фикри, эътиқоди ва улар факт деб ҳисоблаган асослари бор. Уларни эшитишни ва тушунишни ўрганинг. Тушуниш қабул қилиш дегани эмас. Лекин тушунмай ҳеч нарсани қабул қилманг. Баҳсда бировнинг аргументини тушуниб, унинг асос-далилларида заифликни кўрсата билган ғолиб булади. Энг бақироғи эмас.

3. Эҳтиросларнинг бузғунчи кучи бор. Унинг яратувчанлик xусусияти ҳам бор. Эҳтирос қамраб олганда, уни нимага йўналтириш сизнинг қўлингизда. Охир оқибатни ўйлаш тўғри қарорни белгилайди.

4. «Ҳақиқатгўйлик» бировларнинг ҳақини, номусини топташ учун рухсат эмас.

5. Ҳар қандай мафкура фактлар олдида бўйин эгиши лозим. Мафкурангизга мос фактларни танлаб, тўғри келмаганини ташлаб юбориш ғирромликдир. Фактлар ноёб, қимматбаҳодир. Текширилган нарсани факт деб аташ мумкин. Яхши текширилмаган маълумот асосида фикр юритадиган бўлсангиз, буни ўзингиз ва бошқалар олдида тан олинг: таxмин, фикр, мулоҳаза, гипотеза шакллари самимий мулоқотга йўл очади.

6. Ҳақиқат ҳақида савол бериш, уни гумон остига олиб тадқиқ этишдан ҳеч ким тўсилмаган. Ҳатто фаришталар Аллоҳдан нима учун Одамни ерга халифа қилиниши ҳақида сўрадилар.

7. Ҳақиқатпарварни ҳалок қилувчи нарса кибрдир. Иблис кибрга мубтало бўлган «ҳақиқатгўй» эди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.