«Ҳар бир туманнинг раҳбарлари 35-40% ойлигини давлатга тўлашни ўйлаши керак» — президент

«Ҳар бир туманнинг раҳбарлари 35-40% ойлигини давлатга тўлашни ўйлаши керак» — президент

Президент Шавкат Мирзиёев 16 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган вилоят фаоллари йиғилишида раҳбарларни ишсиз фуқаролар ва мухожирлар масаласи билан ишламаётганлигини танқид қилди. Бу ҳақда «Махсус ракурс» дастурида хабар берилди.

«Ҳар бир районни 4 та раҳбари виждони бўлса, вилоят ҳокимига келиб айтиши керак „35-40 фоиз ойлигимни давлатга тўлайман“, деб. Нимага десангиз ҳар бир маҳалла, туманда 15, 20, 30 фоиз фуқаро чет элда юрибди. Улар учун ойлик оляпсизлар-ку. Нимага уларни бир ойда бўлмаса ҳам, икки  ойда бир марта эсламайсизлар? Қаерда юрибди у бечора, қандай сарсон, саргардон юрибди, унинг муаммоси қандай деб. Жуда бўлмаса битта телефон қилиб қўймайсизлар қариндошинг, болаларинг тинч деб. Ойликларингни топширмаган бўлсаларинг ҳам», — деди давлат раҳбари.

Маълумотга кўра, Самарқандда 220 минг нафар фуқаро чет элда, 174 минги эса ишсиз.