Ҳарбийларимиз жаҳон чемпионатида фахрли натижага эришди

Ҳарбийларимиз жаҳон чемпионатида фахрли натижага эришди

Халқаро ҳарбий спорт кенгашининг (CISM) спорт мусобақалари календарь режасига биноан 2021 йилнинг 3-4 июль кунлари Испаниянинг Лансароте шаҳрида «Триатлон» бўйича ҳарбий хизматчилар ўртасида 22 жаҳон чемпионати ўтказилди. Триатлон – бу спортнинг (сузиш, велоспорт ва югуриш) турларини бирлаштирган алоҳида спорт тури ҳисобланади. Мусобақа ҳар 4 йилда ўтказилади.

Ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг 14 мамлакатидан 154 нафар энг кучли ва номдор триатлончилар ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Мусобақа шартига кўра иштирокчилар 4 км масофага сузиш, 180 км масофани велосипедда босиб ўтиш ҳамда 42 км 195 метр масофани узлуксиз ҳаракатда бажариши лозим бўлди.

Ўта мураккаб спорт тури ҳисобланган мазкур беллашувда минглаб халқаро тоифадаги спортчилар ўзларини синаб кўрдилар. Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) тарихида илк бор мусобақада иштирок этаётган бўлса-да, Ўзбекистон Республикасининг терма жамоаси бир-биридан қизиқарли кечган баҳсларда куч ва ғалабага бўлган иродаларини намоён этишди ва умумжамоа ҳисобида Россия Федерацияси вакилларидан сўнг иккинчи ўринни эгаллашди. Юртдошимиз, Қуролли Кучлари вакили шартнома бўйича ҳарбий хизматчи Алина Ҳакимова барча иштирокчилар орасида шахсий биринчиликда иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 18-24 ёшгача бўлган спортчилар орасида биринчиликни қўлга киритди. Шунингдек, Алина жорий йил октябрь ойида Кона шаҳрида (Гавайи, АҚШ) бўлиб ўтадиган триатлон бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи лицензияга ҳам эга бўлди.

Терма жамоамиз вакиллари триатлон бўйича дунёда кучли ҳисобланган Испания, Франция, Германия, Белгия, Венгрия каби мамлакатларнинг спортчиларини ортда қолдирдилар.

Спортчиларимиз Ўзбекистон Триатлон Федерацияси ҳамда Мудофаа вазирлиги спорт марказининг тажрибали мураббийлари кўмагида мусобақага жиддий тайёргарлик кўргандилар. Яратилган кенг кўламли шарт-шароитлардан унумли фойдаланган вакилларимиз ўзларини ҳар томонлама тоблаб, мусобақа давомида эришган натижалари билан билдирилган юксак ишонч ва эътиборга муносиб жавоб қайтаришди.

Таъкидлаш керакки, ушбу нуфузли мусобақада Осиё мамлакатлари орасидан фақат Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этди. Албатта, мусобақа шартлари айтишгагина осон, аммо ҳар бир мураккаб босқичдан мувофаққиятли ўтишнинг ўзи катта бир ғалаба.

Нуфузли мусобақада юксак натижа кўрсатган вакилларимиз бугун, 6 июль куни эрта тонгда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида тантанали кутиб олинди. Маросимда мамлакатимиз спорт мутасаддилари, ҳарбий хизматчилар ва спортчиларнинг яқинлари иштирок этди.

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти