Ҳатто Олий Мажлисда кўпинча қонун лойиҳаси рус тилида ишлаб чиқилади — Дониёр Ғаниев

Ҳатто Олий Мажлисда кўпинча қонун лойиҳаси рус тилида ишлаб чиқилади — Дониёр Ғаниев

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистонда давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгиловчи қонун лойиҳаси бўйича муносабат билдиргани ҳақида хабар берган эдик.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Захарованинг муносабати юзасидан ўз фикрларини баён эди.

Замонавий дипломатия қоидаларига кўра, бир суверен давлатнинг мансабдор шахслари ёки расмий вакиллари бошқа бир суверен давлатнинг ички сиёсий-ижтимоий ишларида иштирок этиши ҳамда ОAВларда бундай масалар юзасидан муносабат билдиришига рухсат берилмайди. Лекин бу давлатнинг Украинанинг cуверен чегараларини ҳам ҳурмат қилмаганини эсласак, унинг расмий вакили томонидан дипломатиянинг оддий этика қоидаларига амал қилинмаслигига ажабланмаса ҳам бўлади.

Бошқа томондан, “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси муҳокамасига Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Захаровани аралашиб, “бурун суққанидан” қайсидир маънода хурсандман. Чунки, биринчидан, бугунги кунгача тил масаласи кўпчилик томонидан ижтимоий муаммо сифатида кўриб келинаётган бўлса, Захаровани бу мавзуга аралашиши ортидан эса давлат тили сиёсий масала сифатида кун тартибига чиқди. Давлат тили давлат суверенитети рамзларидан бири эканлиги, унинг мақоми, обрўси ва амалиётда қўлланиши муҳим эканлигини кўпчилик тушуниб етмоқда. Шундан келиб чиқиб, парламент ҳам, ҳукумат ҳам ўз сиёсий иродасини “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини тезлик билан қабул қилиб, унинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш билан намоён этиши керак. 

Иккинчидан, қонун лойиҳасида назарда тутилган ўзгаришларга қўшимча тарзда, нафақат Ўзбекистон Республикасида барча норматив ҳуқуқий хужжатларни ўзбек тилида қабул қилиниши, балки давлат бошқаруви ишларида вазирлик, идора ва ташкилотлар орасида барча ҳужжатлар алмашинуви (жумладан хатлар, ички низом, буйруқ ва баёнлар) давлат тилида амалга оширилиши белгиланиши лозим. Шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги Қонунга ҳам ўзгартиришлар киритиш орақли мулкчилик шаклидан қатъий назар барча юридик шахслар томонидан тарқатиладиган реклама эълонлари агар давлат тилидан бошқа тилда тайёрланадиган бўлса, рекламанинг давлат тилидаги варианти ҳам тенг миқдорда тайёрланиб, тарқатилиши талаб қилиниши лозим. 

Учинчидан, қонун ва норматив ҳужжат лойиҳаларини дастлаб рус тилида тайёрлаб, кейин ўзбек тилига ўгириш амалиётидан воз кечиш керак. Ўзим амалиётда гувоҳ бўлганим, Парламентда кўпинча қонун лойиҳаси рус тилида ишлаб чиқилиб, муҳокама қилинади. Ҳолбуки муҳокамада қатнашаётган 10 депутатнинг 5 таси рус тилини мукаммал (қонун ишлаб чиқиш даражасида) билмайди, 2 таси эса рус тилини деярли билмайди. Лекин муҳокамада иштирок этаётган 2-3 депутатга рус тилида ишлаш қулай бўлгани учун рус тилидаги вариант устида ишлашга мажбур бўлинади. Натижада қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида рус тилини яхши билмайдиган депутатлар фаол иштирок эта олмайди. Қолаверса, қонун лойиҳаси дастлаб рус тилида тайёрланиб, сўнгра давлат тилига тўғридан-тўғри таржима қилиниши ҳисобига қонунинг ўзбек тилидаги вариантидаги баъзи сўзлар, жумлалар ёки атамалар услуб жиҳатдан ғализ бўлиб қолиш ҳолатлари амалиётда кўп учрайди.