Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳавога совурилган миллиардлар. Фарғонада аҳоли Туронбанкдан нега норози?
26.07.2022 10:07,  
72

2020 йилда Фарғона тумани Миндонобод даҳасида кам таъминланган аҳоли учун иссиқхона қурилган эди. Бироқ сув таъминоти йўлга қўйилмагани боис аҳоли иссиқхонадан даромад олмади. Даромад уёқда турсин, ойма-ой кредит тўлашяпти. Бу орада иссиқхонага ёпилган плёнкалар икки марта шамолдан учиб кетган. Бу ҳақда «Kun.uz» манбаси хабар бермоқда.

Ўзбекистон 2020 йилда халқаро молия институтларидан олган кредитлардан 100 млн доллари лимончилик лойиҳаларига йўналтирилган. Буни таъминлаш вазифаси президентнинг 2020 йил 19 февралдаги қарорига асосан Туронбанк зиммасига юкланган.

Шундай лойиҳалардан бири Фарғона тумани Миндонобод даҳасида амалга оширилган. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 2,5 гектарда қад ростлаган иссиқхона кам таъминланган, ишсиз, меҳнат миграциясидан ватанига қайтганларга 2 сотихдан, жами 125 оилага берилган.

Бунда 50 фоизи субсидия, қолган тенг ярми АТБ Туронбанкнинг имтиёзли кредити эвазига тақсимлаб берилиши режалаштирилган эди.

 
Foto:Kun.uz

Фарғона тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан шартнома тузган “Устоз-шогирд томорқа хизмати” МЧЖ иссиқхона қурилишини олиб борган.

Иссиқхона қуриб битказилиб аҳолига бўлиб берилди ҳам. Аммо сув таъминоти масаласи ҳал этилмагани сабабли иншоот аҳоли учун чин маънода муаммога айланди. Ёпилган плёнкани шамол бир неча марта учириб кетди.

Foto:Kun.uz

Аҳоли энди ойма-ой банкдан олинган кредит қарзини тўлашга мажбур бўлмоқда.

Ташландиқ ҳолатга келиб қолган иссиқхонани кўздан кечириш асносида майдонга туташган намунали уйда яшовчи фуқаролардан бири шамол учириб кетган плёнка қолдиқларини ёқаётганига гувоҳ бўлдик. Унинг айтишича, плёнканинг шамолда ҳилпиратган овози оила тинчини бузмоқда, туни билан ухлашга тўсқинлик қилади.

Foto:Kun.uz

Майдон атрофига экилган арчалар эса аллақачон қуриб қолган.

 
Foto:Kun.uz

Азизахон Тешабоевага ҳам иссиқхонадан 2 сотих ер ажратилган. Даромад олишга улгурмай, у банкдан олган кредитни тўлашга мажбур бўлмоқда.

Азизахон Тешабоева

“Иссиқхонадан фуқаролар фойдалана олмаяпти. Сув йўқ, экин экишга имкон бўлса-да суғора олмаймиз. Челаклаб сув ташишга эса имкон йўқ. Иссиқхона 5 йилга кредит асосида берилган. Ҳали экин экмаган бўлсак ҳам ҳар ойга 100 минг сўмдан кредитини тўлаяпман.

Сув чиқариб беришда амалий ёрдам беришларини сўраб банкка мурожаат қилганмиз. Банк ходимлари эса ҳокимият ва бошқа мутасаддилардан бу борада ёрдам сўраганмиз. Сув чиқади, дейишади, лекин натижа йўқ”, – дейди у.

Дилшоджон Жумаев бир муддат Россияда ишлаб, Ватанга қайтиб келиб даромад олиш мақсадида иссиқхона олди. Баҳорда қалампир экмоқчи бўлиб иссиқхонага борди. Ҳолатни кўриб эса ҳафсаласи пир бўлди.

Дилшоджон Жумаев

“2020 йилда Россиядан қайтиб иссиқхона олган эдим. Даромад олмасимиздан 2 йилдан бери кредитларини тўлаб юрибмиз.

Foto:Kun.uz

Иссиқхонадан фойдаланишнинг ҳали имконияти йўқ. Бу йил эрта баҳорда қалампир экмоқчи бўлиб иссиқхонага бордим. Ҳолатни кўриб фикримдан қайтдим,” – дейди Дилшоджон Жумаев.

Ҳудуддаги ҳоким ёрдамчиси Шерзод Норматов муаммодан хабардорлигини айтди.

Шерзод Норматов

“Агар иссиқхона ишласа, ҳудудимдаги 125 нафар фуқаро ҳамда уларнинг оила аъзолари бандлиги таъминланган бўларди. Аҳоли иссиқхонани суғориш учун сув таъминоти мавжуд эмаслиги ҳақида доим арз қилади”, – дейди ҳоким ёрдамчиси.

“Янги аср” МФЙ раиси Дилшод Каримовга кўра, аҳоли томонидан ерга ишлов берилган, экин учун тайёрлаб қўйилган ҳам экан.

Дилшод Каримов, МФЙ раиси

“2022 йил июн ойида ҳоким ёрдамчиси билан бирга иссиқхонага келиб ҳолат билан танишдик. Аҳоли сув муаммоси сабаб экин экиша олмаётганликларини айтишди. Биз уларга томчилатиш технологияси асосида суғориш ишларини йўлга қўйиш лозимлигини тавсия қилдик. Аҳоли эса бочкада сув олиб келиш қўшимча чиқим бўлганини таъкидлашди.

Ер олганларнинг айримлари гўнг солишиб ишлов ҳам беришган. Сув йўқлигидан эса ҳафсалалари пир бўлган”, – дейди маҳалла раиси.

Хўш, 2,5 гектар майдонни эгаллаган иссиқхонанинг ташландиқ масканга айланиб қолишининг асл сабаби нимада? Иншоотнинг қурилиш ишлари учун маблағ йўналтирган Фарғона тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Лочинбек Баҳромов билан суҳбатлашдик.

Лочинбек Баҳромов

“Марказимиз томонидан 2020 йилда аҳолини банд қилиш бўйича “Устоз-шогирд томорқа хизмати” МЧЖ билан шартнома тузилган. 125 та 2 сотихли иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобига шартнома бўлган. Шартнома шартлари марказимиз томонидан тўлиқ бажарилган. “Устоз-шогирд томорқа хизмати” МЧЖ ҳисоб рақамига 2020 йил декабр ойларида 836 миллион 250 минг сўм пул маблағи ўтказиб берилган.

Foto:Kun.uz

Бир сотихига субсидия асосида марказимиз, яна бир сотихини Туронбанк Водил бўлими молиялаштирган.

Шартноманинг 3.2 бандига кўра, дала томорқа ер эгалари томонидан иссиқхонада экин экилганининг мониторингини олиб бориш қурувчи зиммасига юклатилган.

“Равшан Файз Таъмир” МЧЖ томонидан иссиқхона учун тик қудуқ қазиб берилган. Шу қудуқдан сув чиқади.

Foto:Kun.uz

Лекин “Устоз-шогирд томорқа хизмати” МЧЖ умумий сувни ҳар бир иссиқхонага йўналтириш учун ички монтаж ишларини қилиб бермади.

Қудуқдан сув чиқяпти. Қурувчи монтаж ишларини қилиб берса, муаммо йўқ”, – дейди марказ директори.

“Устоз-шогирд томорқа хизмати” МЧЖ раҳбари Аҳлиддин Набижонов билан телефон орқали боғландик. У қувурлар ўғирланганини айтмоқда.

Ҳисоб рақамимизга 1 миллиард 900 млн сўмдан ортиқ маблағ ўтказиб берилган. Сув тармоғи тортиш ишларини бажарган эдик. Қувурларни ўғирлаб кетишди.

Иссиқхонага сув тармоғи, атрофига плёнка тортиб фойдаланишга тайёр қилиб қўйган эдик. Шамол плёнкани учириб кетди.

Плёнка тортиш ишларига ўша пайтда 110 миллион сарфлаган эдим. Туронбанк пул тушириб бериши керак. Лекин ҳали маблағ тушмади. Яна 90 миллион сўм маблағимиз банкда турибди”, – дейди у.

Ўзини (исми ва лавозимини) таништиришни хоҳламаган Туронбанк Водил филиали ходимининг маълум қилишича, 2021 йил 22 январда эсган кучли шамол иссиқхона плёнкасини учириб юборган.

“Қоида бўйича, тик қудуқдан чиқаётган сувни тўғридан тўғри улаб бўлмайди. Насосга куч келиб куйиб қолиш эҳтимоли юқори. Суғоришни сув минораси орқали амалга ошириш керак. Қазилган тик қудуқдан иссиқхона ичкарисигача сув тармоғи тортиб келиш ҳамда сув минораси қуришимиз лозим.

Март ойида шамол учирган плёнка ўрнига янгиси тортилди. Лимон кўчатлари олиб келиб экмоқчи бўлдик. Лекин аҳоли сув йўқ бўлгани учун кўчатларни экишга қаршилик қилди. Ўраб қўйилган плёнкани эса шамол яна учириб юборди. Ҳозирда смета ҳужжатлари тайёрланяпти. Сув минораси ва тармоққа тортиш ишлари банк томонидан молиялаштириб берилади”, – дейди у.

Фарғона тумани ҳокимининг 1-ўринбосари Отабек Абдураҳимов икки йиллик муаммо “тез орада” ҳал бўлишини айтди.

Отабек Абдураҳимов

“Иссиқхона учун тик сув қудуғи қазилиб, сув чиқарилган. Туронбанк раҳбариятига раҳмат, сув минораси ўрнатиш учун маблағ ажратадиган бўлди. Ҳозирда лойиҳа-сметаси шакллантириляпти. Тез орада иссиқхонага сув чиқариб тармоғигача тортиб берамиз”, – дейди у.

Гувоҳи бўлганингиздек, иссиқхонанинг ташландиқ ҳолга келгани учун жавобгарликни ҳеч бир ташкилот зиммасига олгиси келмаяпти.

Шу ўринда саволлар туғилади. Аҳолини иш билан таъминлаш учун миллиардлаб маблағ сарфланган. Иссиқхона қуриб битказилиб аҳолига бўлиб берилган. Нега сарфланган пуллар устидан охиригача назорат олиб борилмаган? Ҳосил етиштириш учун энг муҳим бўлган сув минораси қуриш ишлари нега кечиктирилган?

Аҳоли ҳали даромадга кирмаган, даромадга кириши ҳам гумон остида бўлган иссиқхонага кредит тўловини тўлашга мажбур.

Кўзбўямачиликлар ортидан ким фойда қилиб, ким зарар кўраётганини билиб олиш қийин эмас.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан