Ҳайдовчи тўппонча ўқталган видеога изоҳ берилди

Ҳайдовчи тўппонча ўқталган видеога изоҳ берилди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Интернет тармоғида ҳайдовчилар ўртасида юзага чиққан келишмовчилик акс этган видеога изоҳ берди. Видеода ҳайдовчилардан бири тўппонча билан ўқталгани акс этган. Кейинчалик аниқланишича, ушбу тўппонча пластмассадан тайёрланган ўйинчоқ бўлган.

Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан ушбу фактнинг текшируви ўтказилиб, ҳодиса иштирокчилари ва келишмовчилик сабабларига аниқлик киритилди. Ҳодиса светофор ишламаслиги оқибатида тирбандлик юзага келган Келес кўчасида содир бўлди. Иккита автомобиллар ҳайдовчилари – “Матиз“ русумли автомобилни бошқарган 28 ёшли Фарход Ю. ва “Кобальт“ автомобилини бошқарган 51 ёшли Жаҳонгир Ж.лар бир-бирларига йўл бермаганликлари оқибатида улар ўртасида келишмовчилик юзага чиққан. Жанжал давомида Фарход Ю. Жаҳонгирга ўйинчоқ тўппонча билан таҳдид қилган.

Хабарда айтилишича, можаро бўйича текширув давом этмоқда, унинг натижаларига кўра можаро иштирокчиларига ҳуқуқий баҳо берилади.