Ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома расмийлаштирган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилмайди

Ҳайдовчилар йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома расмийлаштирган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилмайди

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш учун асослар белгиланди.

Унга кўра:

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома – содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида суғурталовчига хабар бериш учун ҳодиса содир этилган жойда унда иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ихтиёрий равишда тўлдириладиган, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги вужудга келганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат.

Хабарнома йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз тузилади.

Ҳайдовчилар томонидан хабарномани расмийлаштириш маъмурий жавобгарликка тортилишни истисно этувчи ҳолат этиб белгиланди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келган ҳолларда йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома тузилган тақдирда ҳайдовчи жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди.