«Ҳаётдан чарчаган» аёл икки боласини каналга оқизиб юбормоқчи бўлган пайтда тўхтатиб қолинди (видео)

«Ҳаётдан чарчаган» аёл икки боласини каналга оқизиб юбормоқчи бўлган пайтда тўхтатиб қолинди (видео)

Ижтимоий тармоқларда бир аёл икки фарзандини сувга ташлаб, уларни ўлдиришга урингани акс этган видеоёзув тарқалди. Болалар Ширин шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан қутқариб қолинган.

Видеоёзувда аёл «ҳаётдан чарчагани» туфайли болаларини ўлдирмоқчи бўлгани, уларни «туққанидан афсусда» эканини таъкидлаган. «Ўзимни ҳам сувга ташлаб, бу ҳаётдан қутилмоқчи эдим», — дея қўшимча қилган у.

Болаларни қутқариб қолган ходимлардан бири фарзандларини ўлдирмоқчи бўлгани учун у жавобгарликка тортилиши мумкинлигини эслатганида, аёл «қўрқадиган жойи йўқ»лигини айтган. Экология хизмати ходимининг: «Ҳаётда тирноққа зорлар борлигини биласизми?», деган саволига, аёл: «Шуни эрим билмаса нима қилай, чарчаб кетдим ҳаётдан», деб жавоб берган.

Ширин шаҳар ҳокимлигидан маълум қилишларича, видеодаги ҳолат 15 декабрь куни юз берган бўлиб, унда кўриниш берган аёл А.Р. (1985 йилда Бекобод туманида туғилган) ва унинг фарзандлари доимий равишда Тошкент вилоятининг Бекобод тумани «Туркман» маҳалласида яшаб келади.

 

Аёл Бекобод тумани ва Ширин шаҳрини ажратиб турувчи Дўстлик канали кўпригининг Бекобод қисмидан болаларини каналга ташламоқчи бўлганида, Ширин шаҳар экология хизмати ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган ва каналнинг Ширин шаҳар «Фарҳод» маҳалласи қисмига олиб ўтилган.

Ширин шаҳар ИИБ ва «Фарҳод» маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки ўрганишлар давомида аёл турмуш ўртоғи Э.Ш.нинг бошқа бир аёл билан баъзи-баъзида телефон орқали сўзлашаётганлигини билиб, эрини рашк қилиб, аччиқ устида болаларини ўлдирмоқчи бўлгани аниқланган.

Ширин шаҳар ҳокимлигидан маълум қилишларича, воқеа аслида Бекобод тумани ҳудудида юз бергани, воқеа иштирокчилари ҳам Бекобод туманида доимий яшаб келаётгани сабабли ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Бекобод тумани ИИБ ҳамда тумандаги «Туркман» маҳалласи ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.