Ҳиндистонда илк бор «яшил моғор» касаллиги аниқланди

Ҳиндистонда илк бор «яшил моғор» касаллиги аниқланди

Ҳиндистонда илк бор «яшил моғор» билан касалланиш ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда Шри Ауробиндо тиббиёт фанлари институти доктори Рави Дози The Times of India нашрига маълум қилган.

Ҳолат Ҳиндистоннинг Мадхя-Прадеш штатида қайд этилган. Бу замбуруғ касаллигининг яна бир тури: унинг бошқа турлари - «қора», «оқ» ва «сариқ» моғор (мукормикоз) — аллақачон ўн минглаб одамларда қайд этилган.

«Яшил моғор» коронавирус билан касалланганидан кейин касалхонага ётқизилган 34 ёшли беморда топилган. Унга 90 фоиз ўпка шикастланиши ташхиси қўйилганди. «Беморнинг ўпкасида яшил моғор инфекцияси аниқланди. Бу Мадхя-Прадешда яшил моғор билан биринчи касалланиш ҳолатидир. Аммо бутун мамлакат бўйича бир нарса дейишим қийин», — дейди Дози.

11 июн куни Ҳиндистонда қора моғор билан касалланиш сонининг ўсиши сўнгги уч ҳафта ичида 150 фоизни ташкил этгани ҳақида хабар берилган.