Ҳиндистонда коронавируснинг тўртинчи тўлқини бошланмоқда

Ҳиндистонда коронавируснинг тўртинчи тўлқини бошланмоқда

Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли шаҳрида коронавируснинг тўртинчи тўлқини бошланди. Бу ҳақда бош вазир Арвинд Кежривал маълумотига таяниб, «Amurajala» хабар берди.

Маълум бўлишича, 30 миллиондан ортиқ одам яшайдиган Деҳли ва унинг атрофидаги ҳудудларда 10 мингга яқин коронавирус юқтириш ҳолатлари қайд этилган. Касалхоналарда жой етишмаслиги сабабли карантин жорий этилиб, шаҳарда оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланган. Ҳукумат шаҳар аҳолисини имкон қадар уйда ўтиришга ва санитария қоидаларига риоя қилишга чақирган.

Таъкидланишича, ҳозирга қадар фақат 45 ёшдан ошган аҳоли коронавирусга қарши эмланиши мумкин. Янги юқтирганларнинг аксарияти эса 45 ёшгача бўлган одамлардир. Шу сабабдан Арвинд Кежривал мамлакат расмийларини аҳолини эмлашда ёш чекловини бекор қилишга чақирган.

Маълумот ўрнида, Ҳиндистонда коронавирус юқтирганлар сони бўйича дунёда учинчи, ўлим кўрсаткичи бўйича тўртинчи ўринда қолмоқда. Ҳозир мамлакатда 55 миллион киши (аҳолининг 4,2 фоизи) коронавирусга қарши эмланган.