«Ҳозирги пандемия охиргиси эмас». ЖССТ раҳбари янги пандемиялар ҳақида огоҳлантирди

«Ҳозирги пандемия охиргиси эмас». ЖССТ раҳбари янги пандемиялар ҳақида огоҳлантирди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус янги пандемияларга тайёр туришга чақирди.

«Ҳозирги пандемия биз учун охиргиси бўлмайди», – деди у ўз видеомурожаатида. Ҳатто коронавирусга қарши вакциналар ҳам пандемияни тўхтата олмайди.

Гебрейесуснинг таъкидлашича, бир йил олдин дунё COVID-19 билан таниш эмас эди, аммо ўшандан бери ҳамма нарса «остин-устун» бўлиб кетди.

«Коронавируснинг дунёга таъсири унинг шунчаки касаллик мақомидан ташқарига чиқиб кетди ва жамият ҳамда иқтисодиёт учун жуда катта оқибатларга олиб келди», деди ЖССТ раҳбари.

У инсоният пандемияга тайёр эмаслигини тан олди ва бу ҳолатдан сабоқ олишга чақирди. Гебрейесус шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бирламчи тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш учун сармоялар зарурлиги ҳақида гапирди.

Унга кўра, инсон саломатлигини яхшилашга қаратилган ҳар қандай қадамда одамлар, ҳайвонлар ва сайёра ўртасидаги муносабатларни ҳисобга олиш муҳимдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, пандемия бошланганидан бери дунёда 78,6 миллиондан ортиқ COVID-19 инфекцияси қайд этилган. 1,7 миллиондан ортиқ одам инфекция қурбонига айланди.

Вирус энг кўп жабр кўрган давлатлар рўйхатига АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия киради. Тўртинчи ўринда Россия, сўнг Франция, Буюк Британия, Туркия, Италия, Испания, Германия, Колумбия ва Аргентина жойлашган.