Ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров вафот этди - Қирғизистон

Ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров вафот этди - Қирғизистон

Қирғизистонда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров вафот этди. Бу ҳақда Би-Би-Си ўзбек хизмати хабар бермоқда.

Бишкекдаги «Бир Дунё Қирғизистон» нодавлат ҳуқуқ ташкилотининг раҳбари Тўлўйқан Исмаилованинг маълум қилишича, кеча, 24 июлда Азимжон Асқаров тез ёрдам машинасида 47 сон қамоқхонасига тиббий кўрикдан ўтказиш учун олиб келинган.

«Азимжон Асқаровни текшириб, даволанишига умид қилиб тургандик. Афсус,бугун вафот этди», дея йиғлайди бир неча йиллардан бери марҳум ҳуқуқбон озодлиги учун курашиб келган аёл.

Сўнги кунлари унинг соғлиги ёмонлашиб, тана ҳарорати кўтарилиб, нафас олиши қийинлашган эди. Бемор тиббий ёрдамга муҳтож бўлган.

3 кун аввал ҳимоясидаги инсонни қамоққа бориб кўрган адвокат Валерян Вахитовнинг сўзларига кўра, Азимжон Асқаров эркин ҳаракат қилолмай қолган. Уни учрашувга қамоқхона ходимлари етаклаб келган.

«Азимжон Асқаров жуда озиб кетган. Унинг қўллари ёш болаларники каби, кичкина, танасида суюқлик йўқ, фақат суяклари қолган. Танаси сарғайиб кетган, деярли ҳеч нарса қолмаган. Қулоғи яхши эшитмайди. Йўталаяпти. Уни мен билан учрашувга икки қамоқхона ходими етаклаб олиб келишди. Мен Азимжондан нима бўлганини сўрадим. У эркин ҳаракат қилиб юролмаётганини, 5-6 метрдан сўнг, йиқилиб тушаётганини, ҳаттоки ўтиришга ҳам қийналаётганини айтди. Оғир касал экани сезилиб турибди», деган эди адвокат.

Етмиш ёшли Азимжон Асқаров адвокатига овқат ҳам истеъмол қилолмаётганини, унга қамоқхона шифокорлари қувватлантирувчи уколлар қилишаётганини айтган.

«Мен қамоқхона маъмуриятига Азимжон Асқаров соғлигини текшириш ва даволаш бўйича ариза ёздим. Мен юристман, шифокор эмас. Шифокорлар уни қандай касалликлар билан оғриётганини аниқлашиши керак. Шунингдек, мен қамоқхона шифокорларидан Асқаров бунгача қандай касалликлар билан оғриб, даволангани ёзилган тиббий қоғозларни беришини сўрадим. Бироқ ҳали олмадим», дейди Валерян Вахитов.

Шунингдек, адвокат ҳуқуқбон Азимжон Асқаров коронавирусга чалинган ёки йўқлигини аниқлаш тестидан ўтказилиши ҳақида сўраган. Қамоқхона маъмурияти эса бу иш уларнинг зиммасида эмаслигини, бироқ маҳбуслар орасида бу дардга чалинганлар йўқлигини айтган.

Қирғизистон Жазони ижро этиш давлат хизмати эса Азимжон Асқаровнинг соғлиги яхши экани, унга қўшимча дорилар керак эмаслигини маълум қилган.

Муассаса матбуот котиби Самат Қалиқов, Азимжон Асқаровнинг хасталиги бўйича тарқатилаётган маълумотлар ҳақиқатан йироқ эканини, тегишли тиббий ёрдам кўрсатилаётганини айтади.

«Асқаров ўтирган қамоқхона биносида бир кунда уч маҳал маҳбусларнинг тана ҳарорати текширилиб, икки маҳал дезинфекция ишлари олиб бориляпти. Тиббий ёрдам, барча дорилар етарли. Маҳбусларни ходимларимиз кузатув камералари орқали назорат қилиб туришади» - дейди Жазони ижро этиш давлат хизмати вакили.

Азимжон Асқаров Ўш ва Жалолободда 2010 йилнинг июнида юз берган қонли воқеаларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган ҳуқуқбон.

Унинг қамоқда оғир хаста экани эканини «Фарғона» халқаро ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов маълум қилган эди.

«Қирғизистонда умрбод озодликдан маҳрум қилинган, қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиси, журналист, дўстимиз ва ҳамкасбимиз Азимжон Асқаров қаттиқ оғрияпти, ўзини ёмон ҳис қиляпти. Ўн кундан бери тана ҳарорати юқори даражада, нафас олиши қийинлашиб, ўрнидан турмай қўйган. Касаллик ташхиси номаълум. Унга тиббий ёрдам кўрсатилмаяпти»- деган Даниил Кислов.

Журналист Қирғизистон раҳбариятидан Азимжон Асқаровни инсонийлик юзасидан зудлик билан озод қилишга чақирганди.