"I Fly Airlines" авакомпаниясига Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш учун вақтинча тақиқ қўйилди

Транспорт вазирлиги ахборот хизмати маълум қилишича, йўловчиларнинг ҳуқуқлари ва ташувчининг мажбуриятларига риоя этишни таъминлаш мақсадида "Ўзавиация" агентлиги томонидан 2020 йилнинг октябрь ойида авиакомпанияларга Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини амалга ошириш учун ваколатли орган “Ўзавиация” агентлигидан тегишли рухсатнома олмасдан туриб авиачипталарни сотиш амалиётини тугатиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган.

«I fly airlines » авиакомпанияси ушбу огоҳлантиришга қарамай тегишли рухсатномаларни олмасдан қўпол равишда талабларни бузиб  2021 йил ноябрь ойида Москва – Урганч – Санкт-Петербург – Урганч – Москва, Навоий – Москва ҳамда Санкт-Петербург – Навоий – Санкт-Петербург йўналишларида чартер парвозлари учун авиачипталар сотувини ташкил этган. Натижада авиачиптада кўрсатилган вақтда йўловчилар аэровокзалларга келишган ва белгиланган йўналишда парвознинг бажарилмаслиги йўловчилар ўртасида ижтимоий кескинликка олиб келган.

Шу муносабат билан “Ўзавиация” агентлиги томонидан «I fly airlines » авиакомпаниясига санкция тариқасида Ўзбекистонга чартер парвозларини амалга оширишни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Авиакомпаниялар томонидан бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда “Ўзавиация” агентлиги парвозларни амалга ошириш учун берилган экплуатация рухсатномаларни бекор қилади.