Ички ишлар органлари ходимлари қачон, қандай вазиятда куч ишлатиши мумкин?

Ички ишлар органлари ходимлари қачон, қандай вазиятда куч ишлатиши мумкин?

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ички ишлар органи ходими фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш, сақлаш, уларни қўллаш ва жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Қонуннинг 23-моддасига асосан махсус воситаларга резина таёқлар, кўздан ёш оқизувчи моддалар, газли, шикастлантирувчи қурол, қўлкишанлар ёки бошқа боғлаш воситалари, махсус бўёвчи ва маркировка қилувчи воситалар, электрошок қурилмалари, хизмат ҳайвонлари, чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари, транспорт воситаларини мажбурий тўхтатиш воситалари, тинчлантириш кўйлаги, сув билан зарба берувчи машиналар, зирҳли машиналар, ҳимоя қилиш, гуруҳлар ҳаракатланишини тўсиш воситалари, тўсиқ-ғовларни бартараф этувчи воситалар киради.

Ушбу моддага мувофиқ ички ишлар органи ходими томонидан махсус воситаларни қўллаш асослари қуйидагилар ҳисобланади:

  • фуқарога ёки ички ишлар органи ходимига қилинган ҳужумни қайтариш;
  • жиноятга ёки маъмурий ҳуқуқбузарликка чек қўйиш;
  • ички ишлар органи ходимига қаршилик кўрсатилишига чек қўйиш;
  • жиноятни содир этиш чоғида ёки уни содир этганидан кейин дарҳол кўриб қолинган, яширинишга уринаётган шахсни ушлаш;
  • қуролли қаршилик кўрсатиши мумкин бўлган шахсни ушлаш;
  • ушлаб турилган шахсларни ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган шахсларни олиб бориш, қўриқлаб бориш ва қўриқлашда, шунингдек қочишга уринишини, атрофдагиларга ёки ўзига зарар етказишини бартараф этиш;
  • зўравонлик билан ушлаб турилган шахсларни, эгаллаб олинган биноларни, хоналарни, иншоотларни, транспорт воситаларини ва ер участкаларини озод қилиш;
  • оммавий тартибсизликларга ҳамда бошқа ғайриқонуний хатти-ҳаракатларга чек қўйиш;
  • ҳайдовчиси ички ишлар органи ходимининг тўхташ тўғрисидаги талабини бажармаган транспорт воситасини тўхтатиш;
  • жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ёхуд содир этган шахсларни аниқлаш;
  • муҳофаза қилинадиган объектларни ҳимоя қилиш, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларни содир этаётган фуқаролар гуруҳларининг ҳаракатланишини тўсиб қўйиш.

Қўшимча тарзда таъкидлаш мумкинки, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонунда белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, ички ишлар органи ходими жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Юридик ва жисмоний шахслар фақатгина қонунчилик ҳужжатларига риоя этган ҳолда иш кўриши лозим.