ИИВга қарашли 45 та тижорий корхона тугатилади. Уларнинг аксарияти охирги 4 йил ичида очилган

ИИВга қарашли 45 та тижорий корхона тугатилади. Уларнинг аксарияти охирги 4 йил ичида очилган

Асосан 2017 йилдан кейин таъсис этилган ИИВнинг тижорат корхоналари устав фондини шакллантириш учун қарийб 36 млрд сўм ажратилган. Аммо, бугунга келиб бу корхоналар истиқболсиз, фаолият кўрсатмаётган, зарар кўриб ишлаётган ёки паст рентабелли корхоналар рўйхатида турибди. Улар орасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, паррандачилик ва қўйларни кўпайтиришга ихтисослашган корхоналар ҳам бор.

Охирги йилларда хусусий секторга сотилаётган ёки фаолияти тугатилаётган давлат улушдорлигидаги корхоналар рўйхати кенгайиб бормоқда.

Хусусан, 2021 йил 3 июндаги «Давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори билан бирданига 454 та корхона фаолиятини тугатиш белгиланди.

Қарорда истиқболсиз, фаолият кўрсатмаётган, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналар рўйхати келтирилиб, улар қонунчилик асосида тугатилиши белгиланган.

Нега очилди-ю, нега ёпилмоқда?

Ҳукумат қарорига асосан ёпиладиган давлат корхоналари орасида Ички ишлар вазирлигига қарашлилари 45тани ташкил этади. Эътиборни тортадиган жиҳати, уларнинг аксарияти ихтисослашуви бўйича вазирликнинг асосий функцияларидан анча узоқда.

Stat.uz сайти орқали мазкур корхоналар нималар билан шуғулланиши тўғрисида маълумот олишга уриниб кўрдик.

Масалан, фаолияти тугатилаётган корхоналардан бири – Навоий вилояти ИИБ ЖИЭБ улушидаги «Ғиштчи-75» ДУК. Оҳак ва қурилиш учун гипс ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона 2018 йил 5 январда очилган бўлиб, устав фонди 5,7 млрд сўмни ташкил этади.

Яна бир корхона – 100 фоиз улуши Жазони ижро этиш муассасасига тегишли, оҳак ва қурилиш учун гипс ишлаб чиқарувчи «Навоий экспорт» ДУК. Сайт маълумотларида келтирилишича, ушбу корхонанинг устав капитали 4,3 млрд сўмни ташкил этади.

Шу билан бирга, бундан 3 йил илгари тузилган корхоналардан яна бири – УЯ 64/1 муассасаси муассислигидаги «Шарқ-гавҳари текстил» ДУК (Тошкент вилояти) коржомалар ишлаб чиқаришга ихтисослашгани ва унинг устав фонди 5,2 млрд сўмни ташкил этиши кўрсатилган.

Фаолият бошлаганига 3 йил бўлган, қурилиш материаллари ишлаб чиқариши кўрсатилган Қашқадарёдаги «Аср Бунёдкори» ДУК (устав фонди 1,4 млрд сўм), сабзавот етиштириладиган «Агросаноат-сифат сервис» ДУК (устав капитали 1,6 млрд сўм), йирик шохли қорамоллар боқиладиган «Агротех сервис сифат» ДУК (устав фонди 2,1 млрд сўм) каби корхоналар ҳам зарар кўриб ишлаган ёки паст рентабелли бўлган.

Шунингдек, паррандачилик билан шуғулланадиган Тошкент вилоятидаги «Равнақ сари» ДУК (устав фонди 1 млрд 84 млн сўм), қўйларни кўпайтиришга ихтисослашган Сурхондарёдаги «Шеробод файз фазо» ДУК (устав фонди 2 млрд сўм), бетондан қурилиш учун буюмлар чиқаришга ихтисослашган Самарқанддаги «Файзли-Самарқанд» ДУК (устав капитали 3 млрд сўм) ҳам 3 йиллик фаолиятидан сўнг ёпилиши келтирилади.

Ва яна вазирликка қарашли, устав капитали миллиардлаб сўмларни ташкил этадиган ўнлаб корхоналар қисқа муддатли фаолиятдан кейин тугатилмоқда.

Таҳлилларга кўра, вазирлик тасарруфидаги 45 та корхонадан 39 таси 2017-2018 йилларда очилган ва уларнинг умумий устав фонди 36 млрд 277 млн сўм (тахминан 3,2 млн доллар) сўмни ташкил этади.

Аммо, бу корхоналар нега бор-йўғи 3-4 йил фаолият юритди ва тугатиляпти?

Таъкидлаш лозимки, тугатилаётган давлат корхоналари фақат ИИВ тизимида эмас.

Қарорга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги 55 та, Тошкент вилояти ҳокимлигига қарашли 41 та, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тегишли 33 та, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тасарруфидаги 26 та, Давлат активларини бошқариш агентлиги таркибидаги 17 та, Бухоро вилояти ҳокимлигига қарашли 17 та, Наманган вилояти ҳокимлиги тасарруфидаги 26 та, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги таркибидаги 23 та, Фарғона вилояти ҳокимлигига тегишли 26 та ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги корхоналар ҳам тугатилмоқда.

Шунингдек, давлат унитар корхоналарининг 66 таси давлат муассасалари, 73 таси филиал шаклида қайта ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, Давактив агентлигига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда 2 537та давлат корхоналари мавжуд. Улардан 454 таси бу йил тугатилмоқда. 559 таси эса босқичма-босқич сотувга чиқарилади.