Ижтимоий тармоқларда "Бош прокурор жаноби олийларига!" номли хабарга расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда

Хабарда, Термиз транспорт прокурори З.Турсуновнинг бир йил ичида уч маротаба интизомий жазога тортилган бўлишига қарамасдан, ҳали ҳам ишлаб келаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси таъмирланишидан чиққан эски қурилиш материалларни ўз уйига олиб борганлиги, 2-сектор раҳбарига тегишли уйда яшаётганлиги ва мажбурий меҳнатга бош-қош бўлаётганлиги кўрсатилган.

Мазкур хабарда кўрсатилган важлар ўрганилди ва қуйидагилар маълум қилинади.

Хусусан, хабарда илова қилинган расмда прокурор З.Турсуновнинг уйи эмас, балки Термиз транспорт прокуратураси биноси бўлиб, унда ишчилар Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси ва Термиз МТУ ўртасида тузилган шартнома асосида бинони таъмирлаш ишларига жалб этилган (шартнома муддати 31.12.2021 й).

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси транспорт прокуратураси таъмирланишидан чиққан эски қурилиш материаллари белгиланган тартибда жорий йил 11 декабрь куни Термиз транспорт прокуратурасига далолатнома асосида топширилиб, ҳозирда прокуратурада сақланмоқда.

Бундан ташқари, З.Турсунов яшайдиган уйи ўрганилганида, таъмирланишдан чиққан қурилиш материаллари мавжуд эмаслиги, уйида темир йўл ишчилари ҳашар ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганлиги маълум бўлди.

Маълумот учун, З.Турсунов хизмат фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар учун уч маротаба эмас, бир маротаба интизомий жазога тортилган.

Фурсатдан фойдаланиб, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги, 15-моддасига кўра журналист ўзи тайёрлаётган ва тарқатаётган хабарлар ҳамда материалларнинг ҳаққоний бўлиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар эканлигини яна бир карра эслатмоқчимиз.

Меҳнати маҳсулидан кўплар хабардор бўладиган, бошқаларда маълум бир фикр шаклланишига сабабчи бўлмиш журналистлар авваламбор суриштирувларини ошкор қилишидан олдин, сенсация қилиб, қайсидир бир ташкилот ёки шахс фаолиятидан нуқсон топиб ўқувчилари сонини орттиришни ўйламай, икки томонни эшитиб, сўраб-суриштириб, тагига етиб, ҳар жиҳатдан пухта ва холис тайёрланган ахборотларни тарқатганлари мақсадга мувофиқ эмасми?