Ижтимоий тармоқларда «Прокуратура ходимлари шунчалик зўрми?!» номли аудиоёзув тарқалди

Ижтимоий тармоқларда «Прокуратура ходимлари шунчалик зўрми?!» номли аудиоёзув тарқалди

Унда  ўзини прокуратура ходими «Сардорбек» деб таништирган шахс «Шоҳжахон» исмли ички ишлар ходимига қўнғироқ қилиб, ИИБга келтирилган вояга етмаганларни рўйхатга олиш китобини олиб келишни талаб қилгани ҳамда суҳбат давомида улар ўртасида келишмовчилик юзага келганлиги қайд этилган.  

Ўрганиш давомида, ушбу аудиоёзувда суҳбатлашаётган шахслар «Бердақ» номидаги Қорақалпоқ Давлат университетининг юридик факультети 2-босқичини тамомлаб, иш ўрганиш амалиётига Марҳамат тумани прокуратурасига юборилган талаба Бегижон Ҳ. ва Марҳамат тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори Шоҳжаҳон Х. эканликлари аниқланган. 

Суҳбат шу йилнинг 25 июнь куни бўлиб ўтгани, улар аввалдан ўзаро яқин таниш бўлганликлари, Бегижон Ҳ. ўртоғи билан ҳазиллашмоқчи бўлиб, унга шу мазмунда қўнғироқ қилганлиги маълум бўлди.

Талабага "Ички ишлар бўлимига келтирилган вояга етмаганларни рўйхатга олиш китоби"ни прокуратурага олиб келтириш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма ёки топшириқ берилмаган.

Маълумот учун: аудиоёзувдаги талаба ва ИИБ ходими 2015-2017 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига кириш имтихонлари учун биргаликда тайёрланишган ва ҳозирга қадар мулоқотда бўлиб келишган.    

Келгусида бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида Андижон вилояти прокурори Ғайратжон Фозиловнинг раҳбарлигида жойларда амалиёт ўтаётган талабалар иштирокида профилактик йиғилиш ўтказилди.