Икки марта импичмент олган Доналд Трампни АҚШ сенати яна оқлади

Икки марта импичмент олган Доналд Трампни АҚШ сенати яна оқлади

АҚШ Сенати собиқ президент Доналд Трампни импичмент иши бўйича оқлади - дея хабар бермоқда РИА Новости.

Импичментни ёқлаб сенаторларнинг 57 нафари овоз берган, 43 сенатор эса қарши чиққан. Импичментни тасдиқлаш учун 100 нафар сенаторларнинг камида 67 нафари ёқлаб овоз бериши керак эди. Шу тариқа, Трамп исёнга давъат этиш айблови бўйича оқланди.

6-январ куни Доналд Трамп Оқ уй яқинидаги митингда тарафдорларини "заиф республикачиларга" сайлов якунларига эътироз билдиришда ёрдам бериш учун Капитолийга боришга чақирди. Намойишчилар тўдаси Капитолийни қамал қилиб, унинг ичига бостириб кирди. Жо Байденнинг президент сайловларидаги ғалабаси тасдиқланиши керак бўлган Конгресснинг қўшма сессиясини тўхтатиб қўйди. Бу Вакиллар палатасининг унга импичмент эълон қилишига сабаб бўлди, кейин иш Сенатга йўналтирилди.

Доналд Трамп АҚШ тарихида Вакиллар палатасида икки марта импичмент олган, бироқ яна сенаторлар томонидан оқланган ягона президент бўлди.

2020-йил феврал ойида АҚШ Сенати президент Доналд Трампга эълон қилинган биринчи импичментни бекор қилган эди. Ўшанда у ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва Конгрессга тўсқинлик қилишда айбланганди.