Икки томонлама пневмония ҳам юқумли касалликми?

Икки томонлама пневмония ҳам юқумли касалликми?

Бугун АОКА залида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида ўтказилган брифингда пандемия билан боғлиқ саволларга жавоб қайтарилди:

— Икки томонлама пневмония юқумли касалликлар сирасига кирадими? 

— Аслида икки томонлама пневмония келиб чиқишида вирус, бактериялар ёки замбуруғлар сабабчи бўлади. Вирус, бактерия ёки замбуруғлар келтириб чиқарадиган икки томонлама пневмония касаллиги шу келтириб чиқарувчи инфекция юқиш йўлларига қараб юқумли ҳисобланади. 

Бугунги кунда вирус касалликлари долзарб бўлиб қолгани боис, биз ҳаво томчи орқали юқувчи касалликлардан кўпроқ хавотирланишни бошладик.

Аслида бактериялар, замбуруғлар ва оддий ҳужайрали паразитлар ҳам ўз ўрнида юқумли ҳисобланади. Уларнинг юқиш йўли ҳаво томчи орқали бўлмаслиги мумкин, лекин организмга тушган бундай инфекция турлари пневмония каби ўткир касалликларни келтириб чиқаради.

Ёки паразитлар инсон организми иммун тизими пасайишини кутиб ётади. Иммун тизими пасайса, бу инфекция жойлашган аъзосини жароҳатлаб касаллик чақиради.  

Шу боис, биз доимий равишда инфекциялардан ўзимизни ҳимоя қилишимиз, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишимиз, соғлом турмуш тарзини юритган ҳолда тўғри ва муқобил овқатланишимиз, енгил жисмоний фаолликни доим бажариб юришимиз зарур.