ОТМда рўй берган муштлашувга муносабат билдирилди

ОТМда рўй берган муштлашувга муносабат билдирилди

Вазирлик ахборот хизмати хабарига кўра, 2021 йил 13 март Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида пойтахтдаги 10 та хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаси жамоалари ўртасида мини-футбол бўйича анъанавий 16-Талабалар лигаси бўлиб ўтган.

Мусобақада Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети жамоаси ўзаро баҳс олиб борган. Ўйиннинг иккинчи тайми тугашига бир дақиқа қолганда тўп майдон ташқарисига чиқиб кетган ва ўша вазиятда икки футболчи-талаба тортишиб қолган. Футболчиларининг ўзаро тортишувига трибунадаги мухлислар майдонга тушиб қўшилишган ва оқибатда тортишув кенгайган. 

Ҳакамлар томонидан ўйин тўхтатилиб, институт хавфсизлик хизмати ходимлари зудлик билан талабаларни ажратган ва тинчлантирган. Тортишувда ҳеч бир талаба тан жароҳати олмаган. Ўйинчилар бир-биридан узр сўраб, ўзаро келишиб олган.

Ҳолат акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди. Турли баҳс-мунозаралар жараёнида аслида талаба-ёшлар ўртасида бўлган ўзаро тортишув моҳиятидан узоқлашиб, оммани чалғитувчи нотўғри талқин, хато маълумотлар юзага келди.  

Олий ва ўрта махсус вазирлиги томонидан ушбу ҳолат тезкорлик билан назоратга олиниб, унинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилди, мусобақани ўтказишга масъул бўлган раҳбар-ходимлар ҳамда иштирокчи-талабаларнинг ҳаракатига баҳо берилди. 

Мазкур ҳолатнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган мутасаддилар ва талабаларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади.

Мазкур ҳолат шу куннинг ўзида Олий ва ўрта махсус таълим вазири бошчилигида муҳокама қилиниб, келгусида бу каби салбий ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилиши белгилаб олинди.