Иккинчи тилни ўрганиш мия қаришини секинлаштиради

Иккинчи тилни ўрганиш мия қаришини секинлаштиради

Тадқиқотлар кўрсатишича, она тилидан ташқари иккинчи тилни ўрганиш мияга ижобий таъсир ўтказар экан. Бу ўзгариш ҳатто тилни катта ёшда ўрганганида ҳам сезиларли бўлади, дейди олимлар.

262 инсоннинг мия функцияларини дастлаб 11 ёшлигида, сўнгра 70 ёшга кирганида тадқиқ қилган Шотландиянинг Эдинбург университети олимлари шундай хулосага келганлар.

Тадқиқот натижалари Annals of Neurology журналида чоп этилган.

Мутахассислар икки тилни билувчи инсонларда ўқиш, нутқ ва ақлий имкониятлар тўлалигича яхшиланганини кузатганлар.

Экспертлар 262 шотландияликнинг ақлий ривожланиши ҳақидаги тест кўрсаткичларидан фойдаланганлар, сўнгра айнан шу инсонларнинг 70 ёшдаги мия функцияларини солиштирганлар. Энг аввало, эътибор ушбу йиллар давомида тадқиқ қилинганларнинг ақлий имкониятлари қанчалик ўзгарганига эътибор қаратилган.

Бу тадқиқотнинг ҳар бир иштирокчиси камида бир хорижий тилда гапира олган. 262 дан 195 таси иккинчи тилни 18 ёшгача ўрганган, қолганлари эса - 18 ёшдан кейин.

Тадқиқот натижаларига кўра, икки ва ундан ортиқ тилда мулоқот қила оладиган кишилар кўпроқ ақлий имкониятларга эга бўлган. Айниқса бу ўқиш ва умумий қабул қилиш малакаларида кўринган.

Шу билан бирга бу кўрсаткич хорижий тилни 18 ёшгача ва ундан кейин ўрганларга бирдек таалуқли.

Шу мавзудаги олдинги тадқиқотлар ҳам иккитиллилик деменциа- кексалик ақлий ноқислик касаллигини бир неча йилга орқага суришини кўрсатган.