Илон Маск: Марсда ўлишни орзу қиладиган миллиардер

Илон Маск: Марсда ўлишни орзу қиладиган миллиардер

Эшли Венснинг "Илон Маск" китобини иккинчи марта ўқиб чиқдим, аниқроғи аудио китобини тингладим.

Китоб «SpaceX» ва «Tesla» компаниялари асосчиси Илон Маск биографиясига бағишланган.

Албатта, ўқишингизни қаттиқ тавсия қиламан.

Китобни ўқиб, Илон Маскнинг ҳаётий эътиқоди ҳақида шундай хулосага келиш мумкин: физика қонунларига зид келмаса, ҳар қандай нарсани амалга ошириш мумкин.

Маск ташкил қилган компаниялар камида уч соҳада инқилоб ясади: онлайн тўлов тизими (PayPal), автосаноат ва энергия (Tesla) ҳамда фазо индустрияси (SpaceX).

«PayPal» (дастлабки номи X.com) орқали у гигант банклар шу пайтгача амалга оширмаган ишни бажарди: интернет-банк ва онлайн тўлов тизимларини бошлаб берди.

«Tesla» орқали нафақат автонасоатни, балки энергия дунёсини титратди: электромобилларнинг оммалашиши ортидан анъанавий автомобиль саноати йўқ бўлиш арафасида турибди; батарея ва қуёш энергияси бўйича яратган кашфиётлари эса бир неча асрлик нефть ва кўмир саноатининг томирига болта урмоқда.

«SpaceX» эса имконсиз нарсани рўёбга чиқарди: шу пайтгача хусусий компаниялар у ёқда турсин, фақат саноқли давлатлар ҳукуматлари шуғуллана олган космик индустрияда нафақат муваффақиятли бизнес қура олди, балки қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракеталар яратиб, соҳада мисли кўрилмаган инқилоб ясади.

Маскнинг мақсади инсонларни бир неча планеталарда яшайдиган мавжудотга айлантириш. «SpaceX»ни шу мақсадда ташкил қилган. Мақсади Марс сайёрасида колония қуриш ва умрининг сўнгги йилларини ўша ерда ўтказиш. Унга кўра, одамзотда бошқа чора ҳам йўқ; чунки сунъий интеллект шу даражада кучайиб кетадики, у инсон назоратидан чиқиб, одамнинг ўзига қарши уруш бошлаши мумкин («Терминатор» фильмини эсланг). Шу боис озамзот Ерни тарк этиб, бошқа сайёрага кўчиш учун тайёр туриши керак, дейди у. Булар ҳазил эмас, Маск ҳақиқатда юз беришига ўзи ишонадиган фаразлар.

Китобда Илон Маскнинг шахсияти ҳам яхши очиб берилган. Иш ва бизнесга келганда, у жуда шафқатсиз. Ходимларига ҳаддан зиёд талабчан. Улардан 15-16 соатлаб ишлашни талаб қилади. Вазифасини бажара олмаганларни аяб ўтирмайди, ўша заҳотиёқ ишдан бўшатади.

Бир мисол: ўн йилдан зиёд шахсий ёрдамчиси бўлган, барча кундалик ишлари ва режаларини бошқариб борадиган аёлни ойлигини оширишни сўрагани учун ҳайдаб юборган. Аслида Маск учун битта ходимнинг ойлиги муаммо эмас, аммо у асоссиз талаб ва шикоятларни қабул қила олмайди. Ойлигини оширишни сўраган ёрдамчисига икки ҳафта таътилга чиқ, ўйлаб кўраман, дейди. Ёрдамчиси кетгандан кейин унинг ишларини икки ҳафта ўзи бажаради. Қайтиб келгандан кейин, сенга эҳтиёжим йўқ экан, деб ишдан бўшатади.

Бу жиҳатлари билан у афсонавий Стив Жобсга ўхшаб кетади. Лекин инсон сифатида Маск «Apple» асосчиси Жобсдан яхшироқ деб ўйлайман. Илм-фан ва технологияга қўшган ҳиссаси бўйича ҳам Маскнинг ютуқлари кўпроқ.

Айни пайтда Маск ўзи учун ҳам жуда талабчан. Ҳар куни 15-20 соатгача ишлайди. Офисида ётиб қоладиган кунлари кўп бўлади.

Дунёнинг энг бой одамларидан бири бўлишига қарамай, дам олишни, бошқарувни бошқаларга беришни ўйламайди. Компанияларини, улар яратаётган янги маҳсулотларни шахсан ўзи назорат қилади, муҳим ишларни деталларигача ўзи бошқаради.

Маск шунчаки яхши менежер эмас, балки қилаётган ишини жуда яхши биладиган раҳбардир. Автомобиль ва батареялардан тортиб, ракета яратишгача бўлган барча ишларнинг дизайнида ҳам, муҳандислик ишларида ҳам шахсан ўзи иштирок этади.

Илон Маск серфарзанд бўлиш тарафдори экан. Ақлли одамлар ўзларидан кўпроқ зурриёт қолдириши керак, дейди у. 49 ёшли Маскнинг олтита ўғли бор.

Яхши бир янгилик: Китоб муаллифи Эшли Венс билан «Твиттер» орқали гаплашдим. Унинг китоби тез кунларда Ўзбекистонда ҳам чоп этилар экан. Нашр қилиш ҳуқуқи «Азбо» нашриётига берилибди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.