Имтиҳонлар қаршисидаги миллат

Имтиҳонлар қаршисидаги миллат

Табиий офатлар, техноген фожиалар ҳар бир давлатда ва жамиятда бўлиб туради. Масалан, ҳар йили Францияни бир қанча ҳудудларида сув тошқини кузатилади. Кўплаб давлатларда катта ёнғинлар, фожиали зилзилалар бўлиб туради. Бу, сайёрамиз учун нормал ҳол.

Мана, ўтган куни Бухоро вилоятида тўфон кузатилди, юзлаб уйларнинг томлари бузилди. Кеча эса Сирдарёнинг Сардоба туманида сув омборининг бузилиши натижасида жуда катта техноген фожиа юз берди. Расмларини кўриб, ларзага тушдим. Жуда кўплаб юртдошларимизнинг уйлари сув остида қолибди, қишлоқ ва чорва хўжаликларига жуда катта талофат етган.

Мана шундай ҳолатларда Миллат: давлат ва халқ бирлашиши, жипслашиши керак. Ҳозир айбдорни излаш – биринчи вазифа эмас. Асосий вазифа – муаммони тезроқ бартараф этиш, одамларга ёрдам бериш, фожеани оқибатларини бартараф этиш. Ҳамма ва ҳар бир одам, жабр кўрганларга қўлидан келган ёрдамини бериши керак!

Ўзбекистон жиддий синовлар даврига кириб бормоқда. Ушбу синовларни қанчалик самарали енгиши, давлат ва жамият ўртасида нақадар ишончли муносабатлар шаклланишига, эркинлик, фаровонлик, мустақиллик каби қадриятларимизнинг мустаҳкам бўлишига ёки қадрсизланишига сабабчи бўлади.

Имтиҳонлар даври бошланмоқда. Бу нафақат давлат учун, балки жамият, халқ учун ҳам жиддий имтиҳондир – Миллат учун имтиҳонлар давридир.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.