Сенат “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

Сенат “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

Бугун Олий Мажлис Сенатининг йигирма иккинчи ялпи мажлисида “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги Қонун муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, узоқ йиллар давомида трансплантация йўналиши бўйича қонунчилик асослари яратилмагани трансплантологиянинг клиник фан сифатида тўхтаб қолган ва касалликларга чалинган кўп сонли беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти йўқотилишига олиб келди.

Ушбу вазият баъзи беморларни бу турдаги амалиётларни қимматлигига қарамай, чет эл тиббиёт муассасаларида ўтказишга мажбурламоқда. Улар чет элларда даволанишда турли машаққатлар, катта миқдордаги молиявий харажатлар, хорижга сафари давомида чет тилларида сўзлашиш билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмоқда.

Маълумки, инсоннинг жуфт бўлмаган аъзоларини (юрак, жигар, ошқозоности бези ва бошқа аъзолар) фақат мурдадан олиш имконияти мавжуд. Трансплантация муваффақиятли ўтиши учун трансплантни, яъни олиниши мўлжалланган органни ўлим констатацияси амалга оширилган заҳоти трансплантнинг кейинчалик нормал фаолият қилишига тўсқинлик қилувчи ҳолатлар юзага келишидан олдин мурдадан олиш лозим бўлади.

Мазкур камчиликларни бартараф этиш, фуқароларимизга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва ўта оғир беморларнинг тўлақонли ҳаётга қайтишига имкон яратиш мақсадида ушбу Қонун  ишлаб чиқилди. Уни ишлаб чиқишда Германия, Польша, Россия, Беларусь, Украина, Молдова ва АҚШ каби давлатларнинг трансплантацияга тааллуқли қонунчилиги ўрганилди.

Қонун трансплантацияни амалга ошириш мақсад ва шартлари, трансплантация объектлари, донорлар доираси (тирик ва ўлганлар), донор
ва реципиентнинг ҳуқуқлари, тирик ва ўлган донорлардан аъзо
ва тўқималарини олиш шартларини белгилаб беради.

Қонуннинг қабул қилиниши соҳанинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга, аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига қаратилган давлат сиёсатининг амалдаги қонунчилик асосларини тўлдиришга имкон яратади. Бундан ташқари, Қонун, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларни қисқартиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.