iPhone смартфонларини қувватлагичсиз сотгани учун жаримага тортилди

iPhone смартфонларини қувватлагичсиз сотгани учун жаримага тортилди

Истеъмолчи ҳуқуқлари ҳимоясидаги агентлик — Procon Apple'ни ўз маҳсулотини «чалғитувчи реклама» қилиш ва «қурилмани қувватлагичсиз, адолатсиз шартлар асосида сотиш»да айбламоқда. Бу ҳақда The Verge'га таяниб "Terabayt" интернет нашри ёзмоқда.

Apple ўтган йили октябрь ойида экология борасида қайғураётгани сабаб, iPhone 12 смартфонлари қувватлагич ва қулоқчинларсиз сотилишини маълум қилганди. iPhone 12 ва бошқа янги моделлари қадоғи таркибида USB-C-to-Lightning кабелинигина таъминлаш билан Apple маҳсулот ишлаб чиқариш учун сарфланадиган хомашёни камайтириши ва қадоқ ҳажмини кичиклаштиришга эришишини айтганди.

Танқидчиларнинг таъкидича, ушбу ўзгаришдан мақсад фақатгина етказиб бериш харажатларини камайтириш холос. Экология бўйича мутахассисларнинг фикрича эса, купертиноликлар амалга оширган ушбу янгиликнинг атроф-муҳитга бўлган ижобий таъсири жуда кам.

Procon'нинг айтишича, у Apple'дан қадоқ ичида зарядчик йўқлиги боис iPhone нархларини камайтириш-камайтирмаслигини сўраган. Бироқ компаниядагилар бу сўровга жавоб қайтаришмаган. Агентликнинг яна таъкидлашича, Apple тизим янгиланишидан кейин қурилмасида муаммо пайдо бўлган мижозларга ҳам ёрдам бермаган.

Агентлик вакилининг сўзларига кўра, Apple «ушбу қонунлар ва муассасаларни ҳурмат қилиши керак». Солинган жарима миқдори Apple'га унчалик ҳам муаммо туғдирмаслиги аниқ, сабаби 2021 йилнинг биринчи чорагида компания даромади 111.4 миллиард долларни ташкил этди.