“Ипотекабанк” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ходимида коронавирус аниқланди

“Ипотекабанк” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ходимида коронавирус аниқланди

20 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 207 нафар бемордан 19 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 21 июнь куни эса 162 нафар бемордан 22 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи камайган бўлса-да, аммо  аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати  ошган.

21 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, Бухоро вилоятида 11 нафар, Тошкент шаҳрида 7 нафар, Сирдарё, Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятларида 1 нафарданни ташкил қилди.

Жумладан, Шайхонтоҳур туманида яшовчи Г.И.да (санаторийга ётиш мақсадида намуна топширган) ва З.Г.да (шифохонага ётиш учун намуна топширган), “Ипотекабанк”нинг Чилонзор туман филиали ходими Ф.А.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган), “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ ходими Ш.Д.да (ишга қайтиш учун намуна топширган) , Тошкент шаҳридаги “AMG” МЧЖ ходими К.М.да (профилактика мақсадида намуна топширган) касаллик қайд этилган.

Шунингдек, Бухоро вилоятидаги хорижий корхонанинг 4 нафар ишчисида (корхона ходими  тана ҳарорати кўтарилган ва намуна топширган. Профилактика мақсадида бошқа ходимлардан ҳам намуна олинган) ва шу худуддаги  иссиқхонанинг 5 нафар ишчисида (профилактика мақсадида намуна топширишган), шунингдек, вилоятда яна 2 нафар фуқарода (профилактика мақсадида намуна олинган), Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи Х.Т.да (Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги “F-market” дўконида сотувчи. Тана ҳарорати кўтарилгач, эртасига Андижон вилоятига, ўз уйига қайтган), Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро Г.А.да ҳамда Самарқанд шаҳар санитария-эпидмиология осойишталиги маркази ходимида ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Айни пайтда ушбу ҳолатлар юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда.