Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказилади

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити 2022 йилда Ўзбекистонда ўтказилади

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига 2022 йилда раислик қилиш Ўзбекистонга ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди

Эслатб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммити ишида иштирок этиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.

Ташкилот доирасида муайян соҳани ривожлантириш бўйича ҳар йилга ном бериш анъанасини жорий этиш ташаббуси билдирилган. Хабарда айтилишича, президент ИҲТда 2022 йилни Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилишни таклиф этди.

Саммит якунида аъзо мамлакатларнинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасидаги муҳим устувор интилишларини ўзида мужассам этган Ҳаракатлар учун Ашхобод консенсуси имзоланди.

Давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳамда ташкилот бош котиби Ўзбекистонни 2022 йилда ИҲТга раисликни қабул қилиб олгани билан табриклади. Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан билдирилган самимий тилаклар учун миннатдорчилик билдириб, учрашув иштирокчиларини Ўзбекистонда ўтказиладиган навбатдаги саммитга таклиф қилди.