«Иш атайин уюштирилган, деган шубҳа кўп…» – Расул Кушербаев автоблогер Бобур Ғаниевнинг ушланиши ҳақида

«Иш атайин уюштирилган, деган шубҳа кўп…» – Расул Кушербаев автоблогер Бобур Ғаниевнинг ушланиши ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев автоблогер Бобур Ғаниевнинг ушланиши ва унга қўйилган айбловлар юзасидан бир қатор саволларни ўртага ташлади.

Бобур Ғаниев исмли блогер Учтепа туманида ИИБ ходимларини «мент», деб ҳақорат қилгани ва шахсий телефонида порнографик материаллар борлиги учун ушлангани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Яна блогер жамоат тартибини бузди, деган айб ҳам қўйилган.

Қизиғи фуқарони сўроқ қилиш жараёни видеоси тармоқларга атайин тарқатилаяпти.

Виждон нималигини билмайдиган ва бунинг учун блогерлардан кўп танқидга учрайдиган судья ва прокурорлар ҳам ишлаётган бир вақтда блогернинг жамоат тартибини бузмаганини исботлаш кўрсаткичи нолга тенг.

Шу боис, иш атайин уюштирилган, деган шубҳа кўплиги сабабли процессуал қоидалар доирасида қуйидаги саволларга жавоб берилиши керак бўлади.

Биринчидан, қандай қилиб ИИБ ходимлари қўлига блогернинг телефони тушиб қолди? Телефондан жиноят қуроли сифатида фойдаланилиб ИИБ ёки бошқа шахсларга тан жароҳати етказилганми?

Иккинчидан, телефон нима учун тинтувдан ўтказилди? Бу тинтув эмас, кўздан кечириш, дейилса телефоннинг ост-устига қаралади холос. Яъни унинг пичоқ, тўппонча, нон эмас, айнан телефон эканлигига ишонч хосил қилиш учун кўрилади. Бу ўринда ИИБ ходимлари фуқаронинг телефонидан  қандайдир ноқонуний материал топиш мақсадида тинтув ўтказишган кўринади. Тинтув учун эса санкция керак.

ИИБ ходимларига санкциясиз тинтув ўтказишга ҳуқуқ берилганмиди?

Учинчидан, телефонни тинтувдан ўтказиш қандай усул ва тартиб бўйича олиб борилди, тартиб борми ўзи?

Тўртинчидан, эркак ва аёл ўртасидаги жинсий алоқага доир видео ва тасвирларнинг вояга етган фуқаро телефонида бўлиши мумкинмаслиги қайси қонунда белгиланган?

Бешинчидан, аҳлоқ нормаларига тўғри келмаса-да, эр-хотин сифатида аёл ва эркак ўртасидаги жинсий алоқа ноқонуний бўлмагани ҳолда, вояга етган инсон учун бу каби тасвирларни ўз телефонида бўлиши қандай ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлади?

Олтинчидан, ҳақорат қилиш деганда, фуқаро айнан қандай сўзларни ишлатган бўлиши лозим. Масалан, ИИБ ходимларини каламуш, дейиш ҳақоратга кирмайдию, «мент» сўзи кирадими. Бу қаерда белгиланган?

Юқоридаги саволларга аниқ ва асосли жавоб берилиши шарт. Акс ҳолда блогернинг ҳуқуқбузарлигига доир ҳаракатларнинг қонунийлиги  бўйича шубҳалар йўқолмайди. Бўлмаса истаган фуқарони йўқ жойдан жиноятчига чиқариш мумкин.

Умид қиламизки, Учтепа тумани ИИБ ходимлари Президент кафиллигидаги Конституциямизда белгилаб қўйилган сўз эркинлигидан фойдаланиб, танқид қилаётган фуқароларни қўрқитиб, эркинликларини бўғиш мақсадида ўзлари жиноятга йўл қўйишмаган.

Агар шундай бўлиб чиқса, бундай ИИБ ходимлари бор жамиятда яшаётганимдан уяламан, – деб ёзади депутат.