"Ишдан қуритвораман... формангни еч едираман..." сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот берилди

Ижтимоий тармоқда "Ишдан қуритвораман... формангни еч едираман..." сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди. Ҳолат 2020 йилда Сирдарё вилоятида содир бўлган.

2020 йил 17 сентябрь куни соат 09:30ларда, Оқолтин тумани ИИБ ЙҲХБ ходимлари А.Махмудов ва А.Маматовлар туман ҳудудидан ўтувчи 4Р-35 автомобиль йўлининг 95-километрида хизмат олиб бораётган вақтда А.Махмудов томонидан "Дамас" русумли автомобиль ҳайдовчисига тўхташ ишораси берилган. Ҳайдовчи ишорага бўйсунмасдан ҳаракатда давом этган. Шундан сўнг, ЙҲХБ ходимлари ҳайдовчини "Нексия-2" русумли автомобилда кузатиб боришган. Ҳайдовчи тўхтаган вақтда унинг ёнига бориб бўйсунмай ҳаракатланиш сабаби ва меъёрий ҳужжатларини тақдим қилиши сўралганда, ўзаро тортишув ва низоли вазият юзага кела бошлаган. Шундан сўнг, ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси тартибида баённома тузилиб, ушбу Кодекснинг 291-моддаси тартибида автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган.

Тўпланган ҳужжатлар 2020 йил 22 сентябрь куни Гулистон шаҳар маъмурий суди томонидан ўрганилиб, ҳайдовчи А.Т.га нисбатан БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима жазоси белгиланган.