Иши судда кўриб чиқилаётган Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева фарзандларига босим бўлганлигини маълум қилди

Иши судда кўриб чиқилаётган Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева фарзандларига босим бўлганлигини маълум қилди

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева иши бўйича ўн биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Kun.uz». 11 январь куни ўтказилган навбатдаги суд мажлисида ҳам гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

Суд мажлиси олдидан Йўлдошева мактабда ўқийдиган фарзандларига босим бўлаётганлиги, унинг уйи атрофида номаълум шахслар томонидан унга қарши маълумотлар тўпланаётганлиги ҳамда Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов томонидан ижтимоий тармоқлар орқали ўзига нисбатан ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар тарқатилаётганлиги ҳақида гапирган.

Таъкидлашича, Жаҳонгир Тўлаганов унинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни суриштирган. Йўлдошева суд раисидан ушбу депутатга нисбатан қонуний чора кўришни, фарзандлари хавфсизлигини таъминлашни сўраб судга илтимоснома киритди.

Шунингдек, мазкур суд мажлисида гувоҳлар Маъмуржон Саидаҳмедов, Зокир Тўхтаев ва Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Низом Абдуллаевларнинг кўрсатмалари тингланган.

Суд иши 21 январь куни соат 10:00 га қадар танаффус эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирусга чалинган бемор ўлими ва 250 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланиб, қамоққа олинган Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши 2020 йил 11 августда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан қўзғатилган. 8 сентябрга келиб, эҳтиёт чораси сифатида айбланувчи қамоққа олинган эди.

Унинг қамоққа олиниши жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотларнинг раҳбарлари, хусусан, Сенат раиси Танзила Норбоева, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева мазкур ҳодисага муносабат билдириб, прокуратурани шифокорга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини ўзгартиришга чақирган. Шундан сўнг Гулжаҳон Йўлдошева 6 октябрь куни уй қамоғига ўтказилганди.

Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга нисбатан суд жараёнлари 27 ноябрь куни бошланган.