Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ислом тараққиёт банки Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Учрашув чоғида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, таълим, инфратузилмавий қурилиш, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ жойларда ҳаёт сифатини яхшилаш соҳаларида 6 та янги инвестиция лойиҳаси бўйича ишларни фаоллаштириш юзасидан келишувга эришилди.

🇺🇿 Томонлар жорий йилнинг 1 сентябридан 4 сентябрига қадар Тошкентда бўлиб ўтадиган ИТБ Бошқарувчилар Кенгашининг Йиллик анжуманига тайёргарлик кўриш ишларини муҳокама қилди. ИТБ Президенти анжуман ва у билан боғлиқ тадбирлар юқори савияда ташкил этилаётгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.

Унинг қайд этишича, мазкур тадбир халқаро ҳамжамият ҳамда ИТБга аъзо мамлакатларнинг ишбилармонлик доиралари вакилларида катта қизиқиш уйғотди: ҳозирги пайтга келиб учрашувда иштирок этиш учун 2 мингдан ортиқ киши рўйхатдан ўтган ва уларнинг сони ўсишда давом этмоқда. Тадбирда Банкка аъзо 57 мамлакатдан 2500 дан ортиқ вакил, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва тараққиёт институтлари вакиллари қатнашиши кутилмоқда.