Испания Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи коронавирусга қарши навбатсиз эмланганликда айблангач, истеъфога чиқди

Испания Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи коронавирусга қарши навбатсиз эмланганликда айблангач, истеъфога чиқди

Испания Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал Мигель Анхель Вильярроя ўзининг коронавирусга қарши эмланиши билан боғлиқ шов-шув фонида истеъфога чиқди, деб ёзади «РБК».

Генерал ўз қўмондонлиги остидаги бошқа юқори мансабдорлар билан биргаликда COVID-19’га қарши белгиланган тартибдан ташқарида эмланганликда айбланди.

Шу муносабат билан Вильярроя Испания мудофаа вазири Маргарита Роблесга истеъфо ҳақида ариза юборди. Ҳарбий идора раҳбари уни қабул қилди. Ўз хатида генерал белгиланган протоколларга риоя қилганини ва коронавирусга қарши дорини қабул қилишда ўзининг имтиёзли шароитидан фойдаланмаганини айтган.

El Pais ёзишича, Вильярроя ўзини ва мамлакат бош штаби қўмондонлиги остидаги бошқа ҳарбий хизматчиларни эмлашни буюрган, ҳолбуки улар аҳолини коронавирусга қарши эмлаш бўйича бирламчи гуруҳга кирмайди.

Бу маълумот генералга нисбатан танқидлар тўлқинини ҳосил қилди. Нашрга кўра, Роблес бош штаб бошлиғининг истеъфоси ҳақида сал аввалроқ қарор қабул қилган. Аммо раҳбарият ўзгариши Испания Вазирлар кенгаши йиғилишидан кейингина амалга ошади, мажлис эса 26 январда бўлиб ўтади.

Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, пандемия бошидан буён мамлакатда қарийб 2,6 миллион киши COVID-19’га чалинган, 55 минг киши вафот этган. Мамлакатда 1,3 миллион дозадан ортиқ вакцина тарқатиб бўлинган, 1,1 миллиондан зиёд одам эмланган.