Истанбулда Ўзбекистон ёшлари форуми бўлиб ўтди – репортаж

Истанбулда Ўзбекистон ёшлари форуми бўлиб ўтди – репортаж

Жорий йилнинг 18 декабрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Йилдиз Техник университети Конгресс марказида Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакиллиги томонидан  «Янги Ўзбекистон — янги ғоялар!» шиори остида «Ўзбекистон ёшлари форуми — Туркия» тадбири бўлиб ўтди.

«Ўзбекистон ёшлари форуми — 2021» доирасида ташкил этилган мазкур форумда Туркиянинг Анқара, Бартин, Бурса, Измир, Истанбул, Карабюк, Коня, Самсун ва бошқа шаҳарларидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий изланишлар ўтказаётган ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган 500 нафарга яқин ўзбекистонлик талаба-ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Форумни Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Туркиядаги вакили, “Шуҳрат” медали соҳиби, иқтисод фанлари доктори Эргаш Жумаев очиб берди ва тадбир иштирокчиларини симпозиум шўъбалари билан таништирди. Хусусан, “Учинчи Ренессанс” йўналишида доктор Саидбек Болтабоев ва Истанбул Давлат Университети докторанти,  тилшунос Гулноза Саидова, “Келажак лидерлари” шўъбасида иқтисодчи, Истанбул университети докторанти Сарварбек Назаров, Муроджон Муҳаммаджонов, New media тармоғида таниқли журналист ва сухандон, Кастамону университети магистранти Абдукарим Мирзаев ҳамда “Ёш ижодкорлар” шўъбасида журналист, таржимон ва шоир, Истанбул университети докторанти Отабек Тиллаев бошчилигида ёшлар ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказишларини маълум қилди.

Форум доирасида Туркияда таҳсил олаётган ёшлар ва Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ўртасида онлайн жонли мулоқот ташкил этилди. Унда ёшлар ўқиш, малака ошириш ва Туркиянинг илғор ютуқларини Ўзбекистонда жорий этиш каби масалалар юзасидан таклиф ва мулоҳаларини илгари сурдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Форум давомида Истанбул Бош консули Амирсаид Агзамхўжаев ва Бош консулхона вакиллари, Туркия Маданият вазирлигининг Чет элдаги турклар ва қардош жамиятлар Бошқармаси Истанбул координатори Эмре Оруч, Туркий давлатлар ташкилоти вакили Бобур Тагаев сўзга чиқишди. Ёшлар билан суҳбат давомида Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун қандай имкониятлар мавжудлиги борасида атрофлича маълумот берди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар, келгусида барча ўзбекистонлик талабаларнинг базасини шакллантириш, уларнинг таҳсил олаётган соҳалари бўйича гуруҳларга ажратиб, ана шу йўналишдаги компания ва ширкатларда малака оширишлари, қолаверса, Ўзбекистондан келадиган тегишли идора ва ташкилотлар билан бевосита боғлаб қўйиш таклифини илгари суришди.

Форум сўнгида ҳар бир шўъба бўйича бештадан лойиҳа муаллифлари ғолиб деб топилди ва тақдирланди. Шунингдек, спикерлар, фаол ёшлар, модераторлар ҳамда викторина ва танловлар ғолиблар, ижтимоий тармоқларда форум бўйича энг яхши чиқишлар қилган иштирокчиларга ҳомийларнинг қимматбаҳо совғалари тортиқ қилинди. Бундан ташқари, Туркиядаги йилнинг энг яхши етакчиси, энг яхши блогери, энг яхши инфлюенсери, энг яхши ёш волонтёри каби номинациялар ғолибларига ҳам ва Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг махсус совғалари топширилди.

Форум сўнгида Ўзбекистондан ташриф буюрган бахши Бахтиёр Ортиқов, истеъдодли опера хонандаси Ақилбек Пиязов ва ёш истеъдод эгаси, Истанбул университети талабаси Жамшидбек Хоразмий иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди.

Форум иштирокчиларининг киритган лойиҳалар ўрганилиб, сараланади ҳамда ёшларга доир қабул қилиниши кутилаётган Ўзбекистон ҳукумати қарори учун таклиф сифатида тақдим этилади.