Истанбулдан Фарғонага учиб келган фуқаро инсультдан вафот этди

Истанбулдан Фарғонага учиб келган фуқаро инсультдан вафот этди

Шу йилнинг 25 март куни чартер рейси билан Истанбулдан Фарғонага учган 63 ёшлик ногиронлиги мавжуд фуқаро Ф.нинг аҳволи самолётда оғирлашган. Унда юрак етишмовчилиги, оёқ ва қўлларида ҳаракатсизлик кузатилган. Бу ҳақда хабар олингач, Фарғона шаҳар ҳалқаро аэропортига махсус жиҳозланган реанимобил тез тиббий ёрдам  машинаси ўз вақтида етиб келган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Шундан сўнг беморга зудлик билан реанимацион муолажалар кўрсатилган. Машина ичида унга юрак, нафас тизимини яхшилаш учун муолажалар бажарилиб, дефибриляция амалиёти тезкорлик билан ўтказилган. Стандартлар бўйича ўтказилган муолажаларга қарамасдан, бемор вафот этган.

Унга бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир юрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Айни пайтда суд-тиббий экспертизаси ўтказилмоқда.