Италия, Норвегия ва Дания AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни тўхтатди

Италия, Норвегия ва Дания AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни тўхтатди

Италия ҳукумати Британия ва Швециянинг AstraZeneca компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцина билан оммавий эмлашни тўхтатди.

"AstraZeneca компанияси вакцинасини қўллашдан сўнг келиб чиққан жиддий оқибатлар туфайли, эҳтиёткорлик чораси сифатида, биз ушбу партия (ABV2856) вакциналарини қўллашни тўхтатдик", - дейилган Италиянинг дори-дармонлар бўйича агентлиги (Aifa) расмий хабарида.

Хабарда айтилишига кўра, ҳозирча вакцина киритиш ва ундан сўнг келиб чиққан салбий оқибатлар орасида алоқа ўрнатилмаган. Текширувлар давом этмоқда.

Бугун 11 март куни, бир неча соат олдин Дания ва Норвегия ҳам AstraZenecaнинг коронавирусга қарши вакцинасини қўллашни тўхтатган эди. Хабарда айтилишига кўра, Данияда вакцина киритилганидан сўнг бир неча кишида тромб ҳосил бўлган ва ўлим ҳолатлари қайд этилган.

"Данияда AstraZeneca вакцинаси қўлланилган кишиларда тромб ҳосил бўлгани ҳақидаги хабарлардан сўнг Норвегия ушбу препарат билан вакцинация қилишни тўхтатишга қарор қилди", - дейилган Норвегия соғлиқни сақлаш институти хабарида.

Европа дори воситалари агентлиги (ЕМА) хабарига кўра, AstraZeneca вакцинаси ва тромблар ҳосил бўлини орасидаги алоқа ҳозирча текширилмоқда.

Бир неча кун олдин ЕМА AstraZeneca вакцинасининг маълум партиясида муаммо аниқлангани сабабли уни Австрияда қўллашни вақтинча тўхтатган эди.

ТАСС хабарига кўра, айни дамда Исландияда ҳам AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатган.