«Июль охиригача кутишимиз керак» – Шерзод Асадов президент сайловига номзодлар эълон қилиниши ҳақида

«Июль охиригача кутишимиз керак» – Шерзод Асадов президент сайловига номзодлар эълон қилиниши ҳақида

Ўзбекистон Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов 21 июнь куни ўтказилган брифингдан сўнг, журналистлар томонидан 24 октябрда бўлиб ўтиши кутилаётган президент сайлови масаласидаги саволга ҳам жавоб берди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар қилди.

«Америка овози» журналисти Навбаҳор Имомова Ўзбекистонда сайлов жараёни қачон бошланиши, Шавкат Мирзиёев президентликка яна ўз номзодини қўядими ва у президент сайлови борасида ўз қарорини қачон эълон қилади, дея савол билан мурожаат қилди.

Давлат раҳбарининг расмий вакили эса сайловга тайёргарлик жараёни аллақачон бошланганини айтди. Шунингдек, Ўзбекистон ЕХҲТнинг Демократик институтларининг инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясини бир неча бор қабул қилгани, сайловни жаҳон стандартлари, хусусан, ЕXҲТ стандартлари бўйича олиб боришга тайёргарлик кўрилаётганини қайд этди.

«Демак, сайловолди жараёнини старт берилишига унча кўп вақт ҳам қолмади, бу — июль охири ва номзодлар ким, қачон ўз номзодини илгари суришини (билиш учун), биз, албатта, мана шу муддатгача кутишимиз керак. Биринчи навбатда, бу ҳар битта номзоднинг, ҳар битта фуқаронинг конституциявий ҳуқуқи», — деди у.

Шунингдек, президент матбуот котиби, сайлов жараёнини ёритишда ОАВлар ўрни муҳимлигини таъкидлади.

«ОАВларига келадиган бўлсак, уларнинг ўрни ушбу сайловолди жараёнини ёритишда жуда муҳим бўлади ва биз энг аввало ҳамма ОАВларни, Ўзбекистонда аккредитация ўтган чет эллик ОАВлардан ҳам битта нарсани объективлик, холисликни кутиб қоламиз», — деди президент матбуот котиби.

Шу билан бирга, барча чет эллик журналистлар учун стандартларга ва талабларга мувофиқ умумеътироф этилган аккредитация тартиблари ишлаб чиқилишини қайд этди.

«Мана шу аккредитациядан ўтган барча чет эллик ОАВлар Ўзбекистонда сайловолди жараёнини бемалол ёритиши мумкин», — дея сўзини якунлади Асадов.

Сайлов кодексига биноан сиёсий партия сайлов кампанияси эълон қилинадиган кунгача тўрт ойдан кечиктирмаган муддатда ўз номзодини кўрсатиши мумкин (бунда партия Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган бўлиши керак). Сайлов кампаниясининг ўзи Марказий сайлов комиссияси томонидан президент ваколатлари тугашидан камида уч ой олдин ОАВда эълон қилинади.