Жаҳонгир Ортиқхўжаев 5 нафар мансабдорни ишдан олди

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 5 нафар мансабдорни ишдан олди

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида Учтепа тумани ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Сектор раҳбарлари, шаҳар ҳокими ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар масъуллари иштирок этган тадбирда Ишчи гуруҳ томонидан Учтепа туманида аниқланган хато ва камчиликларга жиддий баҳо берилди.

Ж. Ортиқхўжаев амалга оширилган ижобий ишларни эътироф этган ҳолда кўпгина соҳаларда баъзи масъулларнинг ўз вазифасига лоқайд, масъулиятсизлик, юзаки ёндашиш ҳолатлари ҳамон мавжуд эканлигини кескин танқид қилди.

Хусусан, бундай ҳолатлар мактаблар, жумладан, синфлардаги давомат, таълим сифати, битирувчиларнинг олий ўқув юртларига киришидаги паст кўрсаткичлар, шунингдек, мактабгача таълим, қурилиш, маҳаллалардаги тозалик, кичик корхоналардаги иш шароитининг талабга жавоб бермаслиги, кўчат экиш жараёнидаги юзакичилик, чиқиндиларни вақтида олиб чиқиб кетилмаслиги ҳолатлари афсусланарлидир.

Ишда йўл қўйган камчиликлари учун туман ҳокимининг ўринбосарлари Н. Исматов, Л. Алманов, мактабгача таълим бўлими бошлиғи Н. Хантўраева, халқ таълими бўлими бошлиғи Ў. Қурбонов ҳамда туризм ва спорт бўлими бошлиғи Б. Насибалиев лавозимидан озод этилди. Туман ҳокими Ф. Абдуллаевга ҳайфсан берилди.
Йиғилиш якунида мутасаддиларга ўз фаолятини жиддий кўриб чиқиш, танқидлардан тегишли хулосалар чиқариш, ишда ижобий ўзгаришлар қилиш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, келгусида шунга ўхшаш камчиликлар келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган тизимли ишларни ташкил этиш топширилди.