Жаҳонгир Ортиқхўжаев: Бирорта волонтёр бирор ёлғиз қариянинг оёғини ювиб қўйганини кўрганим йўқ

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: Бирорта волонтёр бирор ёлғиз қариянинг оёғини ювиб қўйганини кўрганим йўқ

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва ёшлар иштирокида учрашув ташкил қилинди, дея хабар қилмоқда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Учрашув давомида ёшлар томонидан Ўзбекистондаги бутун волонтёрларни йиғиб Волонтёрлар ассоциацияси ёки федерацияси очиш таклифи билдирилди. Шаҳар ҳокими ушбу таклифни чуқур ўйлаб, кўриб чиқиш кераклигини айтди.

«Товар, пул олиш, PayMe’дан пул ўтказиб бериш, кимнидир нимасига олиб бориб боришга ҳаддан ташқари волонтёрлар кўпайиб кетмоқда. Бир нарсани тўғри тушунинглар, сал шубҳага боряпман охирги пайтлар. Волонтёрлик касбми, ҳақиқатан ёрдам беришми ёки бундан даромад олишми? Фарқига етолмаяпман. Тушунтира олдимми?

Волонтёр тушунчаси нима дегани? Кўнгилли ишчи дегани. Лекин мен биронта волонтёрни уйда ётган қарияни оёғига тоғорача тутиб совунлаб ювиб қўйганини кўрмадим. Сочини тараб қўяй, сочини ювиб қўяй, дейиш мумкин, уйида ётган аёллар бор. Ҳеч шуни кўрганим йўқ.

Ҳаммаси сумка-сумка нарса олиб ташлаш билан овора. Буни бир кўриб чиқишимиз керак. Волонтёрлик хизматлари бўйича чуқур кўриб чиқишимиз керак. Бу енгил ўйлайдиган нарса эмас», – дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.