Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Нукус иккинчи Тошкент бўлади»

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: «Нукус иккинчи Тошкент бўлади»

Делегация аъзоларининг биринчи манзили Ўзбекистон шоҳкўчаси бўлди ва бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Ҳозирги вақтда кўчадаги уй-жойларнинг мўрилари тартибга келтирилиб, сирти замонавий материаллар билан қопланмоқда.

Шунингдек, фасад қисмлари бўялиб, маданий дам олиш масканлари, велосипедда ҳаракатланиш учун йўллар қуриш жойлари тайёрланиб, пиёдалар йўлига брусчаткалар тўшалмоқда. Келажакда ушбу шоҳкўча бўйи одамларнинг ҳордиқ чиқарадиган, дам оладиган масканига айланади.

Делегация Дўстлик канали бўйида ҳам бўлиб, аҳолига қулай дам олиш ва савдо ўринларини қуриш, ушбу ҳудудни янада кўркам ва файзли қилиш юзасидан таклифларини билдирди.

Нукус шаҳрининг реконструкция лойиҳасида Дўстлик каналида мусиқа билан ҳаракатланадиган, 35 метргача баландликка отиладиган фаввора қуриш лойиҳалаштирилган. Канал бўйига карусель ҳам қурилади. Канал бўйи чинакамига дам олиш марказига айланади.

Қайд этилишича, шаҳардаги 34 гектар майдонга эга «Истиқлол» болалар истироҳат боғида ҳам қўшимча ободонлаштириш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Делегация аъзолари Нукусдаги Samsung ва бетон ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам бўлди.

Нукус шаҳри ҳокимлиги мажлислар залида ўтказилган йиғилишда Ортиқхўжаев Нукус шаҳрини иккинчи Тошкентга айлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берди.

«Нукусга тадбиркорларни олиб келдик. Замонавий уйлар қуради улар. 21 миллион долларлик инвестиция киритилмоқда. Барчаси одамларнинг яхши ҳаёт кечириши учун», – дейди Тошкент шаҳри ҳокими.