Жаҳонгир Ортиқхўжаев – Тошкентда охирги 3 йилда қилинган бунёдкорликлар кўлами бундан аввалги 70 йилда қилинган ишлар хажми билан тенг

Жаҳонгир Ортиқхўжаев – Тошкентда охирги 3 йилда қилинган бунёдкорликлар кўлами бундан аввалги 70 йилда қилинган ишлар хажми билан тенг

Бугун, 2 июнь куни, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Американинг Crow Holdings компанияси мутасаддилари билан учрашди. Самимий руҳда ўтган мулоқотда икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар берди. 

Тошкент шаҳар ҳокими америкалик тадбиркор ва олимларни пойтахтимизда кўриб турганидан хурсандлигини билдириб, меҳмонларга Тошкентнинг сўнгги йиллардаги ютуқлари, салоҳият ва имконияти ҳақида маълумот берди. Жумладан, шаҳар иқтисодиёти охирги 3 йилда икки баробар юксалгани, айни шу даврдаги бунёдкорликлар кўлами бундан аввалги 70 йилда қилинган ишлар хажми билан тенг эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди. Шу билан бирга охирги 3 йилда пойахтимизда 22 та ер усти ҳамда 4 та ер ости метро бекатлари қурилгани, айни пайтда таълимни ривожлантиришга, жумладан, хусусий таълимнинг ҳиссасини оширишга ҳам катта эътибор қаратилаётганлигини, физика, математика, кимё, биология, география фанлари қатори инглиз тилини яхши ўзлаштирган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари учун ҳоким стипендияси ва мукофот пули жорий қилинганлигини маълум қилди. Хизмат кўрсатиш йўналишида таълим, тиббиёт, спорт ва гастрономик туризмни ривожлантириш, шаҳар сайёҳлар учун ниҳоятда қулай ва жозибадор бўлиши йўлида иш олиб борилаётганлигини ҳам билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон пойтахти азалдан илм-маърифат, мадният маркази бўлганлигига эътибор қаратиб, ҳозир олиб борилаётган барча йўналишдаги ишлар Тошкентнинг нуфузини янада юксалтириш, туристик жозибадорлигини ошириш, умуман, шаҳарни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилганлигини айтиб ўтди.

Ўз навбатида Crow Holdings компанияси бошқаруви раиси Харлан Кроу самимий қабул ва дўстона муҳит учун миннатдорлик билдириб, жуда гўзал ва барқарор ривожланиб келаётган шаҳар ҳамда унинг раҳбарияти билан учрашувдан катта таассурот олаётганлигини билдирди. Тошкент шаҳар ҳокимининг пойтахт ва унинг тараққиёт стратегияси ҳақидаги фикрларидан таъсирланганлигини айтиб, агар шаҳар шу суратда олға борадиган бўлса, ютуқлар, натижалар анча салмоқли бўлишини эътироф этди. Шунингдек, унинг компанияси турар ва нотурар жойлар, ишлаб чиқариш масканлари ва меҳмонхоналарни қуришда илғор эканлигини қайд этиб, улар учун айни шу соҳадаги ҳамкорлик истиқболли эканлигига эътибор қаратди.

Тошкент шаҳар ҳокими бугунги кунда АҚШларининг қатор нуфузли ишбилармонлари пойтахт иқтисодиётига инвестиция киритгани ва улар билан биргаликда турли лойиҳалар амалга оширилаётганига ҳам тўхталиб, шулар қаторида Crow Holdings билан ҳамкорликда ишлаш самарали бўлишини айтиб ўтди.

Ўзаро мулоқот давомида меҳмонлар шаҳар инфратузилмаси, иқтисодиёти, солиқ тизими, хизмат кўрсатиш соҳаси ва бошқа йўналишлардаги саволларга жавоб олдилар.