«Жажжи академик» журнали фаолияти тўхтатилиши сабаблари эълон қилинди

«Жажжи академик» журнали фаолияти тўхтатилиши сабаблари эълон қилинди

Бугун, «Жажжи академик» журналининг раҳбари Санжар Назар Фейсбук саҳифаси орқали кўплаб ота-оналар ва уларни фарзандларининг севимли журналига айланиб улгурган, ҳатто хорижда ҳам ўз мухлисларининг меҳрини қозонган «Жажжи академик» журналининг фаолияти тўхтаётганини маълум қилди. Муассис почта тизимидан норозилигини билдирган.

«Жажжи академик»нинг фаолиятини тўхтатяпмиз.

2013-2014-йиллар эди. Қиш ойларида вилоятга боришга юрак бетламасди. Чироқ эрталаб ва кечқурун ярим соатга бериларди. Бу аҳвол бир неча йиллардан буён давом этарди. Компютер, интернет у ёқда турсин, оддий телевизор кўрмай, китоб ўқимай вояга етаётган авлод шаклланиб келмоқда эди. Aҳвол менинг болалагим ўтган 80 йиллардагидан ҳам хароброқ эди. Бирон ўн йилларда Aнгола, Бурунди, Конго, Гаити даражасига қуламаслигимизга бирон сабаб кўра олмасдим. Сабаблардан бири бўлармикан деб, «Жажжи академик»ни очгандик. Бир гуруҳ ҳаммаслак дўстлар қанот бўлишган эди. Илмий, интеллектуал, маърифий журнал қилдик. Биронта ҳам ҳавойи, кўнгилочар рукни йўқ эди. Деярли ҳамма мақтади. Давримизнинг улуғлари этъироф этишди. Болаларнинг ҳам меҳрини қозондик. 69 та сон чиқардик. Довруғимиз юрт ташқарисига ҳам тарқалди. Илм-маърифатга, китобхонликка тарғиб қиладиган қатор тадбирлар ташкиллаштирдик. Жажжи академиклар академиясига асос солиб, илк академикчаларни сайладик.

Зулматларга нур киритмоқчи бўлгандик деб олифталик қилсам, а? Ёки замонавий, камида электр ва интернетли дунё билан кўприк ўрнатмоқчи бўлдик деб кўпирайинми? 

Хуллас, эплай олмадик. Журнал муттасил зарарга чиқди. Умумий зарар ўн хонали сонда ифодаланадиган бўлди. Aммо бу асосий сабаб эмас. Иқтисодни амаллаш мумкин, яхшилар енг шимариб туришгани шубҳасиз. Масалан, ўтган йили бир яхши инсон журналнинг жамики қолдиқларини сотиб олди. Бу йил бир дўстимиз бир йиллик нашр харажатларини ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини билдирди.

Биз тарқатиш, тарғиб қилиш ва энг аламлиси эҳтиёж уйғотишни эплай олмадик. Шу йўл – илм нажот эканлигига одамларни ишонтира олмадик. Бу ҳақиқатни билганларнинг кўпчилиги эса болаларига ўрис тилидаги журналларни олиб беришади. Болалари ўрис мактабларга қатнайди. Эртанги кунини Ўзбекистон билан боғлашмаган.

Вазиятимиздан Халқ таълими вазирлигини ҳам, Ёшлар ишлари агентлигини ҳам, бошқа эҳтимолий алоқадор бўлиши мумкинларни ҳам хабардор қилган эдик. Уларнинг амалий ёрдам бериш учун ваколат ва имкониятлари йўқлигини биламиз.

Энг силламизни қуритган тизим почта бўлди. Обуна бўлган, харид қилган одамларга журналлар етиб бормади ва ҳамон бормаяпти. Ўзимиз мустақил етказиб бериш тизимини ташкил қила олмасдик. Соф тижорий, миллиардлаб фойда кўрадиган тадбиркорлик йўналишлари ҳам буни Ўзбекистон шароитида ҳозирча эплай олишмайди.

Лойиҳага ҳисса қўшган барча ҳамкасбларимиз, дўстларимиз, хайрихоҳлардан розилик сўрайман. Ҳаққингизни ҳалол этинг! Рози бўлинг! Янги лойиҳаларда кўришгунча!

Санжар Назар, «Жажжи академик» журналининг муассиси